Ибрат мактабида ўқишни хоҳлайсизми?

103
Маълумки, Президентимиз Наманган вилоятига ташрифи чоғида Ибрат номидаги мактаб-интернетга бориб у ердаги шарт-шароитлар билан танишди, ўқувчилар билан суҳбатлашди. Натижада мазкур билим масканига қизиқиш кучайиб, унда ўқиш истагидаги ўқувчиларнинг сони ортди. Шунга яраша саволлар ҳам кўпайди. Биз кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб олиш мақсадида Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернат директори, филология фанлари номзоди, НамДУ доценти Зоҳиджон СОДИҚОВ билан суҳбатлашдик.
— Зоҳиджон ака, бошқа тилларни ўрганиш, улардан амалда фойдаланиш халқимизнинг қонида бор. Аз-Замахшарий араб тили граматикасини яратиб, ҳурматга сазовор бўлган бўлса, Абу-Наср Фаробий бир неча тилда маърузалар ўқий олиши билан ўз даври олимларини ҳайратлантирган. Исҳоқхон Ибрат — ана шу аждодларимизнинг муносиб вориси, яқин ўтмишимизнинг ажойиб алломаси.
Президентимиз ташаббуси билан Сиз раҳбарлик қилаётган мактаб-интернат иш бошлади. Шу муносабат билан халқимиз тарихидаги тил ўрганиш анъаналари ва бу анъаналарнинг замонавий талқини хусусида батафсил сўзлаб берсангиз?
— Тил – дил қулфи, деб бежиз айтишмаган. Ҳақиқатан ҳам бағрикенг халқимизнинг бу қадар меҳмондўст, сахий бўлиши ундаги қалб поклиги бобокалонлари қолдирган тарихий мерос ва ўгитларни унутмаганлигидан деб биламан. Кўптиллилик бизнинг қонимизда бор. Чунки, минг йиллардан бери бу заминда турли миллатлар ёнма-ён, қариндош-уруғ бўлиб яшаб келган. Бу муқаддас заминдан кўплаб умумбашарий мутафаккирларнинг етишиб чиққанлиги ҳам бежиз эмас. Биз улардан анчагиналарини санаб ўтишимиз мумкин. Аммо кейинги йилларда, аниқроғи, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Наманганга ташрифлари давомида Исҳоқхон тўра Ибратни том маънода бизга кашф этиб бердилар. Биз Ибрат домлани ҳанузгача жадидчилик ҳаракатининг вакили ва Наманган адабий муҳитининг истеъдодли бир ижодкори сифатидагина танирдик холос. Қарангки, бу серқирра инсон XIX асрнинг мустамлакачилик даври ва собиқ шўроларнинг қатағон йилларига қарамай, мисли кўрилмаган даражада улкан маърифатпарварлик ҳаракатига бошчилик қилган экан. Дунё кезиб, кўптилли луғат яратиш билан биргаликда, ўзи мактаб очиб, болаларга дунёвий таълим берганлигининг ўзи бу бир жасорат, қаҳрамонлик, десак тўғри айтган бўламиз.
— Тилшунос олим ва таржимон сифатида қўйилаётган талабларни бажаришда ва Президент ишончини оқлашда ўқувчиларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз? Ўқувчиларда вазифани бажаришга қодирлик ва масъулият туйғуси давр талабларига мос келади, деб ўйлайсизми?
— Ҳақиқатдан ҳам куни кеча Президентимиз Ибрат мактабига ташрифи давомида ўқувчиларимиз билан атрофлича суҳбат қилди. Яратилган шароитлардан унумли фойдаланаётган ёшларимиз Юртбошимизга ўз миннатдорлигини билдирар эканлар, жумладан, «Муҳтарам Президент! Биз мазкур мактабни тугаллаб, дунёнинг энг нуфузли олий ўқув юртлари, керак бўлса, Оксфорд ёки Кембриж университетларига кириб ўқишга ваъда берамиз!» дедилар. Бундан хурсанд бўлиб кетган Президентимиз, «Аввало, ўша ўқув юртларига, сизларни мен ўзим юбораман. Қолаверса, сизлар шундай буюк мақсадларни кўзлангларки, келажакда ўша Оксфорд ва Кембриж шаҳридаги ёшлар Ибрат мактабига келиб ўқийдиган бўлсин!». Президентимиз, Ибрат мактаби битирувчилари келажакда, аввало, илмий изланишлар олиб боришлари, моҳир таржимон, дипломат бўлишлари лозимлигини алоҳида таъкидладилар. Ўйлайманки, бизнинг ўқувчилар Президентимиз қўйган вазифаларни юқори даражада бажарадилар. Ёшларимизнинг чақнаб турган кўзларига, бир неча тилларда бурро-бурро сўзлашларига қараб, бунга ишонгинг келади.
— Мактаб-интернат ўз йўналиши доирасида мамлакатимиздаги нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик қилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳамкорлик қандай шакл ва услубларда олиб борилади? Хориждаги таълим масканлари билан ҳам ҳамкорлик қилиш, ўқувчи алмашиш режалаштирилмоқдами?
— Чиндан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг Ибрат мактабини ташкил қилиш тўғрисидаги 2017 йил 5 сентябрдаги 698-сонли қарорида мамлакатимизнинг бир қатор нуфузли олий ўқув юртлари, жумладан: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети,  Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат шарқшунослик институтининг профессор-ўқитувчилари томонидан мактабга методик ёрдам кўрсатиш, маҳорат дарслари ўтиш ҳамда масофавий таълимни йўлга қўйиш вазифалари белгиланган. Ана шу ишлар ҳозирда амалга оширилмоқда. Ҳозирда юқорида номлари келтирилган олий таълим муассасаларининг ҳар бири Ибрат мактабида ўзларининг услубий марказларини ташкил қилдилар ва уларга мунтазам равишда мутахассислар келиб, ўз тренингларини бошлаб юбордилар. Хориждаги таълим масканларига келсак, бугунги кунда Наманган давлат университетига шартнома асосида икки йил ишлашга келган АҚШлик кўнгилли (волонтёр) ўқитувчи Элис Бритен хоним мактабимизга ҳафтада икки маротаба келиб, амалий машғулотлар олиб бормоқда. Худди шундай мутахассис Кореянинг КОИКА таълим марказидан ҳам кутилмоқда. Ўйлайманки, тез орада Германиянинг Гёте институти ва мактаб билан алоқалар олиб бориш марказлари билан ҳам ана шундай ҳамкорлик йўлга қўйилади.
— Мактаб-интернат нуфузини сақлаш ва яна ҳам юксалтириш учун ўқитувчи ва ўқувчилар контингентини саралаш муҳим омил ҳисобланади. Шу маънода бу жараён механизми қандай шакллантирилади?
— Мактаб-интернат нуфузини сақлашда унга жалб қилинган педагоглар асосий рол ўйнайди. Бу борада НамДУ ректори, профессор Абдусалом Умаров раислигида махсус комиссия тузилиб, унда Ибрат мактабига қабул қилинадиган барча ўқитувчилар билан суҳбат олиб борилди. Натижада, улардан энг саралари, яъни, хорижий тил ўқитувчилигига тил билимлари даражалари бўйича юқори мақомга эга бўлган мутахассислар, йил ўқитувчилари, қолаверса, илмий даражали кадрлар ва энг муҳими, замонавий ахборот технологияларини эгаллаган, маҳорат дарсларини юксак даражада олиб борадиганлари танлаб олинди. Бу жараён ҳали давом этмоқда.
— Жорий ўқув йили учун қабул жараёни қачондан бошланади? Ҳужжатларни топшириш қай тартибда амалга оширилади? Шу йилнинг ўзидаёқ бошқа вилоятлардан ўқувчилар қабул қилинадими?
— 2018-2019 ўқув йилига қабул Вазирлар Маҳкамасининг 698-сонли қарори асосида ўтказиш режалаштирилган бўлиб, унга кўра Ибрат мактабига 7- ва 10- синфларига 20 нафардан ўқувчи қабул қилиш режалаштирилган. Белгиланган тартибга кўра ҳужжатлар шу йилнинг июль ойидан олиш мўлжалланган бўлиб, тест синовларини Давлат Тест Маркази томонидан август ойида ўтказиш кўзда тутилган. Бу ҳақда тез орада матбуот ва телевидениеда эълон берилади. Демак, эълон чиққандан бошлаб республикамизнинг истаган вилоятидан ўқувчилар ҳужжат топширишлари мумкин. Бу йилги қабул жараёнида рақобат кучли бўлади.
— Мактаб-интернатнинг ички ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилганми? Истиқболда мактаб-интернат ҳаётида қандай янгиланиш ва ўзгаришлар рўй беради?
— Табиий савол. Ҳақақатдан ҳам мактаб-интернатнинг ички ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилган. Биз олдимизга қатъий режа асосида мақсадлар қўйганмиз. Аввало, мактаб-интернат ўқитувчилари контингентини сифатли даражада шакллантириш, ундан сўнг бизга бириктирилган нуфузли олий ўқув юртлари ёрдамига таянган ҳолда таълим сифатини юқори даражага олиб чиқиш, хорижий тил ўргатиш ва ўрганишнинг энг самарали методларини ишлаб чиқиш ва қўллаш, тил муҳити яратиш асосий мақсадимиз ҳисобланади. Ўйлайманки, биз тез орада ана шу мақсадни амалга ошира олсак, бунданда юқори чўққиларга эриша олишимиз мумкин.
Амалиётда ўзгариш қилиш учун илмга таянмасдан илож йўқ. Биз янги ўқув йилининг бошидан Ўзбекистон узлуксиз таълим тизимида кўптиллилик концепцияси муаммосига бағишланган халқаро конференция ўтказишни режалаштирганмиз. Менимча, бундай тадбирлар келажакда қандай йўлдан боришимизга ёрдам беради.
Санжарбек Ҳамидов суҳбатлашди.
Улашиш