ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ азалий ва абадий жараён

18

Иншааллоҳ, муқаддас динимизнинг асл инсонпарварлик моҳиятини эзгулик, тинч-тотувлик, меҳр –оқибат,  ўзаро ҳурмат ва биродарлик каби фазилатлар ифодалар экан,  бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни асло сусайтирмаслигимиз зарур.

Муқаддас ҳадисларга биноан: “Ер юзидаги одамлар ҳудди бир кемада саёҳатга чиққан йўловчиларга ўхшайдилар. Кеманинг қайси қисмида эканликларидан қатъий назар, уларнинг омонлиги ҳам, ҳалокати ҳам кеманинг қай ҳолатда бўлишига боғлиқдир”.

Бугунги глобаллашув жараёнларида шу  хулоса ойдинлашдики, дунё халқлари ҳаётидаги энг долзарб муаммолар бир халқ ёки биргина миллат эмас,  балки бутун инсониятга даҳлдор.

Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич жаноблари ҳам истиқлолимизнинг дастлабки кунлариданоқ диний таълимотга давлат эътибори билан ёндошган ҳолда  соҳа ходимлари, хусусан  уламолар, диний муассасаларда фаолият кўрсатаётган имому имом хатиблар ҳамда отинойилар учун кўп имконият ва шароитлар жорий қилинишига асос солгандилар.

Айниқса, динимизни ниқоб қилиб, истиқлолимизга қадар бўлган шўро сиёсати таъсирида диний қадриятларимиздан узилиб қолган ўрта авлод вакиллари ва ёшлар тушунчасидаги муаллақ ва муваққат қарашлардан фойдаланиб, бузғунчи ғояларни тарғиб қилишга чоғланган мутаассибларнинг чиркин ақидаларига эргашган, алдангани ва алданаётганини англаб етмаганлар иштирокидаги тартибсизликлар  ва террорчилик ғалаёнлари палласида ҳам “Аллоҳ қалбимизда, юрагимизда!”деган ғояни дадил кўтариб чиқиб, халқимизни  мудҳиш хатарлардан сақлаб қолиш  чораларини белгилаган эдилар.

Улуғ аждодларимизнинг динимизни илм сифатида ўрганиш ва маънавиятимизни юксалтиришга хизмат қилувчи қадриятларимизни эъзозлаш билан боғлиқ  заруратларни илмий-ирфоний асосларини кўрсатиб берилиши муқаддас динимизнинг эзгуликка хизмат қилувчи асл моҳиятини ёрқинлаштирди.

Соҳадаги илмий-маърифий фаолият қатъий, ишончли ва теран тус олмоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жаноблари раҳнамолигида  диний-маърифий соҳа фаолияти янада такомиллаштирилмоқдаки,  юртимизда кўп асрлик  диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимиз меросларини ўрганиш, қадамжоларимизни гўзал ва обод зиёратгоҳ даражасида таъмирлаш ва қайта қуриш каби  саъйи ҳаракатлар асносида ёшларни комилу баркамол тарбиялашга  катта эътибор қаратилаётгани дунё ҳамжамиятини эътибору эътирофига сазовор бўлмоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот марказлари  меросларимизни чуқур ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

Йиллар ўтиб бораркан, истиқлолимизни ҳар томонлама  мустаҳкам ва бардавом бўлишини таъмин этувчи омиллардан бири сифатида  диний-маърифий фаолият шаффофлиги ҳам ҳаётий эҳтиёж қадар  диққат марказимизда туриши шарт .

Ҳозирга қадар ҳам дунё узра жарангос солиб, Ўзбекистон давлати томонидан кўпмиллатли халқимизнинг орзу умиди ва букилмас иродасининг ифодаси сифатида кўп ва хўб айтилаётган, саъйи ҳаракат ва интилишларимизнинг асосий ғояларидан бири бўлган  жаҳолатга қарши маърифат билан курашмоқ доимий ва давомий фаолиятимизга айланади.

Нуруллоҳ МАҲКАМОВ,

 «Ҳазрати Лангар» масжиди имом ноиби.

Улашиш