Ибрат мактабини битирган ёшлар олий ўқув юртига имтиҳонсиз киради

94

Президент Шавкат Мирзиёев 3 май куни Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат мажмуасига ташриф буюрди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Мазкур мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган, 2017 йил июль ойидаги ташриф чоғида ҳам бу ердаги қурилиш ишлари кўздан кечирилган эди.

Икки гектардан зиёд майдонни эгаллаган ушбу мажмуа сўлим боғ, музей ва мактаб-интернатни ўз ичига олган.

Шавкат Мирзиёев Исҳоқхон Ибрат номидаги хорижий тилларга ихтисослашган мактаб-интернатни кириб кўрди.

Президентимиз бу мактабга алоҳида эътибор қаратаётгани бежиз эмас. Чунки Ибрат бобомиз дунёвий билимларни чуқур ўрганган зиёли бўлган, еттита тилни билган. “Олти тилли луғат”, “Хатлар мажмуи”, “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Замон тарозуси» каби ўндан ортиқ илмий-тарихий ҳамда маърифий асарлар яратган. 1886 йилда замонавий мактаб очган. 1907 йилда эса  янги “усули савтия” мактабини ташкил этиб, қишлоқ болаларини ўқитган.

Исҳоқхон Ибрат ўлкамиздаги илк матбаачилардан бири сифатида, 1908 йил Оренбург шаҳридан литографик машина сотиб олиб, уни Оренбургдан Қўқонгача поездда, Қўқондан Тўрақўрғонга туяларга ортиб, катта машаққатлар билан олиб келган ва ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси”ни ташкил қилган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатиб келган ва у ерда ўтган давр мобайнида бир қатор илмий-маърифий китоб ва рисолалар, миллий газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.

Шавкат Мирзиёев шундай маърифатпарвар аллома номи билан аталувчи мактаб ҳар томонлама намунали бўлиши, бир нечта хорижий тилларни билган замонавий кадрларни тарбиялаши зарурлигини таъкидлади.

«Тил билиш бу — бойлик. Тил билган инсон дунёни билади, ҳеч қачон кам бўлмайди. Ота-боболаримиз шундай бўлган, бу бизнинг қонимизда бор. Ёшларимизда шундай интилишни уйғотишимиз керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Хорижий тиллар бўйича илмий ишлар қилиш, тил ўргатиш методологиясини такомиллаштириш, мактаб-интернатда дарсларни шу асосда олиб бориш кераклиги қайд этилди.

Мактабда инглиз, немис, француз, рус, араб, хитой, корейс тиллари филологияси ўқитилади. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Дарс жараёнига чет эллик кўнгиллилар ҳам жалб этилади.

Президентимиз Ибрат мактабини аъло баҳоларга битирган ўғил-қизларни олий ўқув юртларига имтиҳонсиз қабул қилиш ва грант асосида ўқитиш бўйича топшириқ берди.

«Ибрат мактаби нафақат Наманган вилояти, балки бутун мамлакатимизга хизмат қилиши керак. Бу ердаги шароитларни, ўқувчиларнинг билимини кўриб, ҳамма ота-оналар ҳавас қилсин. Хоҳласа, ёшлар бошқа вилоятлардан келиб ўқисин», деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Исҳоқхон Ибрат музейи билан танишди. Мажмуадан ўрин олган айвонда вилоят зиёлилари билан суҳбатлашди.

 

Улашиш