Кутубхоналар истиқболи

61

Вилоят “Нуронийлар маскани”нинг муҳташам кутубхонасида семинар бўлиб ўтди. Унинг мавзуи “Ахборот-ресурс марказларининг аҳоли, хусусан ёшларнинг китобга бўлган эхтиёжини қондиришдаги ўрни: муаммо ва ечимлар”га қаратилди.

Уни вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Зиёвиддин Мансуров олиб борди. У Президентимизнинг 2017 йилдаги 4789-, 5148-сонли фармойиш ва фармонлари, 3223-, 3271-сонли қарорларининг мазмун-моҳиятини очиб берди. Хусусан, матбуот ва ахборот агентлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар матбуот ва ахборот бошқармалари томонидан ўтказиладиган семинар ҳамда матбуот ажуманларининг мавзулари билан таништирди.

Вилоят ахборот кутубхона маркази директори Мавлуда Жўрабоева вилоят АКМ бошқа АРМлар учун тажриба мактаби эканлигини таъкидлади. АКМ фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга кенг тўхталиб ўтди. У кейинги вақтларда ўтказилган тадбирлар, ёшларнинг китобга бўлган эхтиёжларини қондириш юзасидан ўз фикрларини баён этди.

Китоб мутолаасида кутубхоналарнинг ўрни беқиёс. Нодира номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази (АКМ) бугунги кунда 569 минг 364 нусха китоб фондига эга. 11 минг 797та китобнинг электрон нусхаси бор. Бу кутубхона 20 минг 320 нафар китобхонга хизмат қилади. Мавжуд китобларнинг 114минг 702таси ижтимоий-сиёсий, 177 минг 358таси адабий-бадиий асарлардир.

Вилоят халқ таълими бўлимига қарашли вилоят ахборот-ресурс маркази (АРМ) 86 минг 860 китоб фондига эга. Шундан 63 минг 60таси бадиий адабиётлар , 23 минг 799таси ижтимоий-сиёсий, маърифий адабиётлардир. АРМда 2870 нафар китобхон мавжуд.

Бундан ташқари барча шаҳар ва туманларда ХТБ АРМ ва мактабларда кутубхоналар бор.

Олий таълим вазирлигига қарашли АРМларнинг китоб фонди 647158та нусха, китобхонлар 29770 нафар.

Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармасига қарашли АРМлар сонининг умумий китоб фонди 3085239 дона бўлиб, 369457 нафар китобхонларга хизмат кўрсатади.

Китобхонлик ва китоб мутолаасида китоб дўконларининг ўрни ва аҳамияти катта. Вилоятимизда ўз китоб базаси-омборхонасига, турғун савдо шаҳобчасига эга китоб дўконлари борки, бу маърифат ўчоқларининг деярли барчаси мустақилликка эришилгандан сўнг ташкил этилган. Жумладан, Наманган шаҳри 5-кичик туман, Ғалаба  ва А. Хўжаев кўчасида “Вилоят китоб савдоси” МЧЖ балансидаги 2та, Навоий кўчаси 36-уйда “Давру даврон” МЧЖнинг 1та, И. Каримов шоҳкўчасида “Шарқ зиёкори” МЧЖнинг 1та, Марғилон кўчасида “Наманган китоб олами” МЧЖнинг 1та, Навоий кўчасида “Шайдо”  МЧЖнинг диний-маърифий китоблар сотувига йўналтирилган 1та – жами 6та китоб дўконлари фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, Мингбулоқ туманида 2та, Косонсойда 4та, Норинда 3та, Попда 4та, Тўрақўрғонда 2та, Учқўрғонда 3та, Чортоқда 3та, Чустда 5та, Янгиқўрғонда 4та дўконлар ишлаб турибди. Наманган тумани ҳокимлиги томонидан китоб дўкони қурилиши учун ер ажратилган, қурилиши давом этмоқда. Бир сўз билан айтганда қарор ижроси вақти давомида вилоят бўйича 54 та китоб дўкони, 301та китоб растаси (бурчаклари) ташкил этилди.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси илк бор “Энг намунали китоб дўкони” кўрик-танловини ташкил этди. “Наманган китоб олами” МЧЖ 1-, якка тартибдаги тадбиркор – И. Рустамов 2-, “Давру даврон” МЧЖ 3-ўринни эгаллади.

Наманган вилояти ижодкорларининг бадиий асарлари монографияларини ўқувчиларга етказишда “Наманган нашриёти”нинг ўрни беқиёс. Бу ижодий жамоа ҳар йили 50-60та китобни чоп этишга тайёрламоқда. Бу китоблар республикамиздаги мулк шакли турлича бўлган босмахоналарда чоп этилади. Бизнинг вилоятимизда китоб чоп этишга ихтисослашган Косонсойдаги “Заковат” нашриёт уйи МЧЖ, Чустдаги “Зарб”хусусий корхонаси  босмахоналари борки, улар катта ададда китоб босиш қувватига эга.

Китобхонлик тарғиботи ҳар бир меҳнат жамоасида олиб борилмоқда. Биргина Нодира номидаги вилоят АКМда йилнинг ўтган биринчи чорагида 20та оммавий тадбир ўтказилган.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бўлим бошлиғи Раҳимжон Ирисов кун тартибидаги масала юзасидан тайёрлаган йиғма маълумотни иштирокчиларга тақдим этди.

Семинарда “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Икромхон Нажмиддинов, вилоят халқ таълими бўлими АРМ бўлим мудири Исматилла Ёқубжонов, НамДУ доценти, филология фанлари номзоди Мўминжон Сулаймонов, ёзувчи Боқий Мирзо тизимда амалга оширилган ишлар, Президентимиз томонидан яратилган шароитлар, ечимлар, олдинда турган муаммоларни тилга олдилар.

Жумладан, “Ахборот кутубхона маркази” ва “Ахборот ресурс маркази номини халқона усулда “кутубхона” деб ўзгартириш, семинар қатнашчиси, меҳнат фаҳрийси Ҳорунхон Аюбхоновнинг ўз нафақасидан маълум қисмини ажратиб китоб сотиб олиб, уни ҳадя қилишни одатга айлантиргани, журналист Раҳимжон Ирисов ўзининг Учқўрғондаги собиқ ҳовлисининг бир қисмини МФЙ учун топшириб, у ерда кутубхона яратганлиги, Тўрақўрғон тумани Еттикон МФЙдаги фахрий ўқитувчи Зоҳиджон Норматов яратган уй кутубхонаси, тошбулоқлик кекса педагог Тўхтахон Раҳимова ўз уйида бой музей ташкил этганлиги, НамМҚИ ўқитувчиси Раҳмонжон Эгамбердиев ўз ҳисобидан  ўзи ўқиган  собиқ мактаби ўқувчилари учун степендия ташкил этгани вилоятда бу масалада ижобий ишлар борлигидан далолатдир.

Энг муҳими тўрақўрғонлик ўқитувчи қарийб 1000 дона китобни ҳадя сифатида тарқатгани, учқўрғонлик журналист эса ўз таъсисчилигидаги “Дунё ва давр” газетасини қарийб 8 йил текинга тарқатиб келгани фактлари борки, бу ҳам маънавиятга хизмат қилишнинг бир йўли.

“Наманган китоб олами” МЧЖ директори, шаҳар кенгаши депутати Маъруфхон Мўминов дастлаб ўзи сайланган округ ҳудудида, ҳозирда эса Наманган шаҳрининг жуда кўп маҳаллаларида “Китоб жавонлари” ташкил этди.

Семинар иштирокчилари ёшларнинг китобга бўлган эхтиёжларини қондиришдаги бир қатор муаммо ечимларига йўл топдилар. Жумладан:

ҳар бир ота-она бир ойда ўз фарзанди ёки набирасига бир донадан китоб совға қилишни одатга айлантириш;

мактабгача таълим ва мактаблардаги ота-оналар кенгаши раислари ота-оналарга ҳар бир болага бир ойда бир дона китоб совға қилишни одатга айлантиришларини мониторингини ўтказишлари;

кутубхоналарда “Олтин сандиқ”, “Олтин қопча” тадбирларини амалда бўлишига эришишлари;

ҳар бир МФЙда кўчалараро “Китобхонлик танлови”ни ўтказиш, шу орқали уюшмаган ёшлар маънавиятини юксалтириш керак.

Санжарбек ҲАМИДОВ.

 

Улашиш