Чуст туманида Алишер Усмонов оммавий қабул ўтказди

312

Наманган вилоятининг Чуст туманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов оммавий қабул ўтказди.

– Мамлакатимизда кейинги бир-бир ярим йилда мисли кўрилмаган ислоҳотлар амалга оширилиб, улкан ўзгаришлар рўй берди ва буни халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда, – деди Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари А.Усмонов. – Мана, куни кеча АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Наманган вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишиб, давлат бошқаруви органлари билан халқ ўртасида ўрнатилган бевосита мулоқот тизимига юқори баҳо берди. Шунингдек, Виртуал қабулхона ҳам мунтазам ишлаб турибди. Жойларда ўтказилаётган бундай сайёр қабуллар ҳам халқ ичига кириб бориш, унинг дардини тинглаш, ташвиш ва муаммоларига бамаслаҳат ечим излашнинг энг самарали воситаси сифатида катта аҳамият касб этмоқда. Албатта, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларнинг ҳаммасини бир пайтнинг ўзида, бирданига ҳал этиб бўлмайди. Бу имконсиз. Лекин ҳаракат қилиняпти, муаммолар ечимига чоралар изланяпти.

Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Бош прокуратура, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари масъул ходимлари Чуст, Поп, Янгиқўрғон туманларидан муайян мурожаатлар билан келган аҳоли вакилларини қабул қилиб, уларни қийнаётган муаммоларни тинглади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоят ва туманлардаги Халқ қабулхоналари мудирлари, вилоят ижтимоий, иқтисодий тизим бошқармалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳамда тегишли туман ҳокимлик ва ташкилотлари вакиллари иштирокида мурожаатлар бўйича муаммоларга ечим изланди.
4.JPG

6.JPG
– 2017 йилда балиқчилик йўналишида иш бошлаган эдим, – дейди Наманган туманидаги “Мовий кўл диёри” балиқчилик фермер хўжалиги раҳбари Шоҳиста Акбарова. – Ўзим Мингбулоқ туманида яшайман, фермер хўжалигим майдони эса Наманган туманига қарашли ҳудудда жойлашган. Сув муаммоси балиқчиликни ривожлантиришга салбий таъсир кўрсатаяпти. Лойиҳамизда 20 гектар ҳавзада балиқ етиштириш кўзда тутилган бўлса-да, ҳозиргача 8 гектар майдонни ўзлаштирдик, холос. Сув таъминотида насос станциялари томонидан ёрдам берилишини сўраб мурожаат қилдим. Бир-икки йил бу борада ёрдам бериб турилса, кейин ўзимиз мустақил сув таъминоти тизимига эга бўламиз. Мақсадим – келгусида хўжаликни шу ҳудуддаги 1000 гектардан зиёд қаровсиз ётган ер ҳисобига кенгайтириб, юзлаб иш ўринлари яратиш. Шу хусусдаги мурожаатим ушбу қабул жараёнида ечимини топди.

Шунингдек, қабулда фуқароларнинг меҳнат ва бандлик, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, уй-жой таъминоти ва бошқа ижтимоий масалалар бўйича мурожаатлари кўриб чиқилди. Аксарият мурожаатларда келтирилган фуқаро ҳуқуқи ва манфаатларининг бузилиши ва бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммолар жойида ҳал этилиб, мурожаатчининг талаби қондирилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш талаб этиладиган мурожаатлар бўйича тегишли мутасаддиларга топшириқлар, мурожаат эгаларига ҳуқуқий тушунчалар берилди.
Оммавий қабул куннинг иккинчи ярмида Наманган туманида ҳам ўтказилиб, унда Наманган шаҳри, Наманган ва Тўрақўрғон туманлари аҳолиси вакиллари иштирок этди.

Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш