Сўнгги пайтларда CEFR, унинг доирасида  В1 даража олиш ва кириш тест синовларида имтиёзга эга бўлиш масаласига мухлисларимизнинг қизиқишлари ортди. Шунга мувофиқ саволлар миқдори ҳам кўпайди. Мухлисларимизда, айниқса, В1 даражасини қўлга киритган бахтли абитуриент ва унинг устози билан танишиш истаги кучли. Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб IELTS ва CEFR бўйича таниқли мутахассис Анваржон Ўриновни таҳририятимизга таклиф қилдик. Соҳасига яраша маданият эгаси бўлган Анваржон белгиланган вақтда ўқувчиси Дониёр Маҳмудов билан таҳририятга кириб келди.

Анваржон ҳам, унинг акаси – она тили ва адабиёт фанлари бўйича маҳоратли репетитор Акрамжон Ўринов ҳам футболнинг ажойиб мухлислари ҳисобланишади. ЕЧЛ чорак финал учрашувлари билан боғлиқ шов-шувлар ҳали босилиб улгурмагани боис дастлаб шу мавзуда мулоҳазаларимизни ўртоқлашдик.

Кейин эса асосий мавзуга кўчдик.

— Анваржон, хабардор бўлдикки, яқинда сиз раҳбарлик қилаётган ўқув марказида “LSL – 2018” фан олимпиадаси ўтказилди. Бу ҳақда бизга қандай маълумот бера оласиз?

— Ўқув марказимиз томонидан ташкилланган фан олимпиадаси кўпчиликда кутганимиздан зиёда қизиқиш уйғотди. Унда 400 дан ортиқ ўқувчи иштирок этди. Аён бўлдики, муқобил фан олимпиадаларини ўтказиш тараққиёт талаби экан.

— Нодавлат таълим тармоғининг истиқболи порлоқ бўлгани каби бу йўналишдаги фан олимпиадаларини ташкиллаш таълим соҳасидаги  сиёсатга дахлдор вазифалардан биридир. Шу маънода “LSL – 2018”  фан олимпиадаси ғолиблари ўзгача йўсинда тақдирланишибди. Шундайми?

— Тўғри, бу борада ўзгача йўл тутишга уриндик. Ҳакамлар ҳайъатининг таклифига биноан, ҳар бир ғолиб ўқувчига 500 минг сўм, уни фан олимпиадасига тайёрлаган ўқитувчига 500 минг сўм, ўқитувчи ва ғолиб ўқувчи учун зарур билим  муҳитини яратган таълим муассасаси учун 500 минг сўм – жами 1,5 млн сўм миқдорида мукофот белгиладик.

— Футболда шундай-ку! Таълим жараёни иштирокчиларининг барчаси манфаатдор бўлган фан олимпиадаси катта ижобий самара бериши аниқ. Ғолиблик учун кураш қизғин кечдими?

— Нимасини айтасиз, она тили ва адабиёт фанлари бўйича икки ўқувчини ғолиб деб топдик. Иккисининг ҳам кўзлари чақнаб турибди. Шундай иқтидорлар истиқболи учун борки имконларни ишга солгиси келади кишининг.

— “LSL” ўқув маркази фан олимпиадаси энди анъанавий тарзда ўтказиладими?

— Албатта. Навбатдаги фан олимпиадасини, насиб этса, келгуси йил март ойида ташкиллашни режалаштирмоқчимиз. Ишончимиз комилки, “Репетитор” газетаси ахборот ҳамкори сифатида олимпиада жараёнини тўлақонли ёритиб боради.

— Бажонудил. Энди СEFR борасида эришган ютуқларингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.

— Биз, аввало, ташкилий ишларга алоҳида эътибор қаратдик. ДТМ томонидан СEFR имтиёзларини олиш бўйича тасдиқланган 258 минг 360 сўм миқдордаги расмий тўловни 60 нафар ўқувчимиз ўз вақтида амалга оширди ва ҳужжатларни белгиланган муддатда жўнатдик. Бу жараён – бўлажак абитуриент учун жуда муҳим. Шу жараёндан хабарсизлиги ва ҳужжатларни тайёрлашда кечиккани учун кўплаб абитуриентларга бу мавсумда энди ёрдам беролмаймиз. Чунки ДТМ маълум сабабларга кўра,  СEFR бўйича навбатдаги имтиҳонни кузга қолдирди.

— Ўйлаймизки, бу борадаги ҳамкорлигимиз давом этади ва мухлисларимизга СEFR имтиҳонларига тайёрланишда яқиндан ёрдам берасиз…

—  “LSL” ўқув маркази “Репетитор” газетаси мухлислари учун энг яхши материалларни тақдим этишга тайёр.

— Раҳмат! Мухлисларимизга Дониёрнинг қайси жиҳатларини ўрнак қилиб кўрсатасиз?

— Маълумки, СEFR имтиҳонида максимал 150 балл, минимал 90 балл тўплаган абитуриентларга имтиёз берилади. Ҳозиргача 45 нафар ўқувчимиз шундай имтиёзга эга бўлди. Дониёр эса 125 балл тўплаб имтиёз соҳибига айланди. Табиийки, бундай натижа ўз-ўзидан содир бўлмайди. Дониёрнинг тиришқоқлиги, тартиб-интизомга риоя этиши, ўз олдига қўйган мақсад сари иккиланмай, қатъият билан интилиши юқори натижанинг гарови бўлди. Унинг кўпчилик тенгдошида ҳавас ва иштиёқ кучли бўлса-да, ўз устида муттасил ишлаш малакаси шаклланмаган. Дониёрнинг айни шу фазилатини ўзлаштирган йигит-қиз асло қоқилмайди. Дониёр Тошкент Давлат Иқтисодиёт университетига хужжат топширмоқчи. Унинг йўналишида инглиз тили – иккинчи фан. Демак, Дониёрнинг ихтиёрида ҳозирнинг ўзида 63 балл мавжуд.

— Қойил! Билимдон мухлисларимизга Дониёрнинг йўлини тилаймиз!

Шогирди муваффақиятларидан мамнун устоз ва жонкуяр устози эътирофидан хурсанд шогирд чеҳрасига боқиб, буюк Истиқлолимиз ва бугунги тараққиёт шаънига яна бир бор таҳсинлар айтдик.

Ҳа, биз ўқийдиган ва билим ғалаба қозонадиган замонда яшамоқдамиз.

Муҳаммад ВАЛИ суҳбатлашди.

 

Улашиш