Фарзандларига зулм қилаётган ота-оналар

28
Никоҳ, суннат тўйлари ва оилада фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар тобора кимўзарга пойгаси тусини олиб, ҳатто чақалоқни туғруқхонадан дабдаба билан чиқариш “тадбири” урфга кириб бораётгани кўпчилигимизни ўйлантирмоқда.
Хўш, фарзанд туғилиши муносабати билан ўтказиладиган маросимларнинг моҳияти нимада? Уларни ортиқча ҳашаматсиз ўтказиш бўйича нималарга эътибор бериш лозим? Умуман, бундай маросимларни ўтказиш шартми? 
– Фарзанд Аллоҳ берган энг буюк неъматлардандир, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган шаҳридаги вакили Мусохон Аббосиддинов. – Инсон ўз наслининг давомчиси дунёга келгани билан ҳар қанча қувонса ва бу қувончни кўпчилик билан баҳам кўрса, шукронасига дастурхон ёзиб, хайр-эҳсон қилса арзийди. Бироқ, ҳамма нарсада меъёр бўлиши керак. Болажонлик ва боласининг бахту камоли йўлидаги жонкуярликда халқимиз олдига тушадигани йўқ. Бу йўлда у ўзининг йиллаб йиққан-терганини бир кунда совуриб, халққа дастурхон ёзиб, тўй-томоша қилади. Афсуски, ҳаёт бир-икки кунлик тўйдан иборат ёки бахт ҳам ҳою-ҳаваслар билан боғлиқ дабдабада эмас.
Никоҳ тўйларини-ку, қўя турайлик, Президентимиз таъкидлаганидек, «Тўртта қизи бор ота ўзини оссинми?!» дейдиган даражага етди. Фарзанд туғилгандаги қувончни катта дабдабага айлантириш, на диний ва на дунёвий таълимотларга мувофиқ бўлмаган, аксинча, ҳар икки нуқтаи назардан қораланадиган ҳашамдор маросимларга ружу қўйилаётгани ҳеч бир рисолага тўғри келмайди. Фарзанднинг бахту саодати учун қилинаётган бундай хатти-ҳаракатлар, аксинча, бахтсизликка, ёш оилаларнинг бузилиб кетиши, гўдакларнинг тирик етим қолиши каби оқибатларга замин бўлмоқда.
Бир мисол. Шаҳримиздаги хонадонлардан бирида биринчи фарзандини кўрган куёв қайнота-қайнонаси суюнчига “плоский экран” телевизор совға қилмагани учун хотинини қўйиб юборди. Ёш оилани сақлаб қолиш учун маҳалла фаоллари, хотин-қизлар қўмитаси, қариндош-уруғ билан биргаликда барча чоралар кўрилди, лекин натижа бўлмади. Молпарастлик ботқоғига ботган қайнона, унинг битта телевизорни оила, оталик бахти, илк фарзандидан устун қўйган ориятсиз ўғли жоҳиллиги сабаб оила барбод, дунёда энди кўз очган гўдак тирик етим бўлди. Ёшгина келинчакнинг ҳаётга, оилага бўлган қарашларида қандай бўҳронлар юз берди? Бу энди Яратганнинг ўзигагина аён.
Худди шундай, фарзанд туғилганда қизнинг онаси қудасига, яъни куёвнинг онасига тилла тақинчоқ совға қилиши, яна буни туғруқхонадаёқ барчага кўз-кўз қилиб амалга ошириши, қизнинг ота-онаси “отачақирди”, “бешкеча” маросимларига озиқ-овқат, кўрпа-тўшак, ёшу қарига сарпо-суруқдан тортиб, мебелгача бўлган барча совға-саломлар билан кириб бориши урфга кирмоқда. Бу ишларнинг замирида қанча ҳаракат, харажат, руҳий зўриқиш, асаббузарлик ётганини бошидан ўтказган билади. Лекин куёвнинг онаси қуда томондан шуни кутишни қўймайди. Бунинг замирида жаҳолат, маънавиятсизлик ётибди. Бундай урф-одатларни дин ҳам, замон ҳам ёқламайди. Айни пайтда кўпчилик мўмин-мусулмонликни даъво қилгани ҳолда, фарзанд дунёга келганда бажариладиган ва шариат буюрган урф-одатларга хилоф иш кўрмоқда.
Хўш, исломда фарзанд дунёга келишини қандай амаллар билан нишонлаш буюрилган? Аввало, ота-она фарзанди дунёга келиши билан унга муносиб, чиройли исм қўйиши керак. Кейин чақалоқнинг ўнг қулоғига азон, чап қулоғига такбир айтиш лозим – бу маънавий эҳтиёжнинг дастлабки шарти. Сўнгра келажакда тили ширин, талаффузи гўзал бўлиши учун чақалоқнинг танглайи ширинлик билан кўтариб қўйилади. Навбатдаги амал қирқ кун давомида гўдакнинг қорин сочи олиниб, тарозида тортилади ва унинг вазнига тенг кумуш танга садақа қилинади. Ана ундан кейин икки жон саломатлиги учун бир қўй (қодир бўлинса ўғил фарзанд учун икки қўй) сўйиб, кичик бир маросим ўтказилади. Мана шу ўринда динимизнинг яна бир нозик инсонпарварлик жиҳати намоён бўлади: сўйилган қўй гўшти тенг учга тақсимланади. Бир қисмини маросимга таклиф этилган меҳмонлар учун таомга ишлатилади, бир қисми кейин рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади. Яна бир қисми эса, ҳомиладорлик ва туғруқ пайтида йўқотган қувватини тиклаши учун фақат ёш онага едирилади. Исломда фарзанд дунёга келиши муносабати билан ўтказиладиган маросимлар мана шундай камтарона ва ўзига хос маъноларга эга бўлиши белгилаб қўйилган.
Юқорида айтилганидек куёвга телевизор-у онасига тилла тақинчоқ тақиб, чақалоқ ва ёш онани туғруқхонадан ҳаммага кўз-кўз қилган ҳолда карнай-сурнайлар билан олиб келишдан ташқари турли маросимларга зўр бериб, бир неча юзлаб одамларга тўй қилиб бераяпмиз. Қайнона камқонлиги аниқланган ҳомиладор келинни даволатишга аяган пулидан юз баробар кўпроғини кибр-ҳаво йўлида битта қуюқ зиёфатга сарфламоқда. Набираси катта бўлганда яхши билим олиши, соғлом ўсиб-улғайишига шароит яратиш учун йиғиб юриши керак бўлган маблағини бир кунлик ҳою-ҳавасга совурмоқда. Бу ўзимизга, атрофимиздагиларга, келажагимиз бўлган фарзандларимизга нисбатан зулм эмасми?!
Исломда кескин қораланган иллатлардан бири исрофгарчилик нафақат диний, балки дунёвий нуқтаи назардан ҳам яхши оқибатларга олиб келмайди. Никоҳ ёки хатна тўйи деймизми, бошқа маросимларми, бари исрофгарчиликнинг энг олий намунаси сифатида намоён бўлмоқда. Энг ачинарлиси, ёш оилалар бузилиб кетишига сабаб бўлаётган омилларнинг аввалида турадигани мана шундай номақбул урф-одатлардир. Буюк келажак йўлидан бораётган жамиятимиз учун бу жуда катта тўғаноқ. Зеро, куч-ғайрат, маблағ ва вақтимизни дабдабабозлик йўлидаги орзу-ҳавасларга сарфлаб, майда гаплар билан яшайверар эканмиз, кўзлаган мақсадларимизга етиш мушкул бўлади.
Шу нуқтаи назардан бугун жамиятимиздаги шундай иллатларга қарши курашдан четда туришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Жумладан, бу борада имом-хатиблар, қорилар, отинойиларнинг ҳам масъулияти катта. Айни пайтда шаҳримиздаги 30 жоме масжиди имом-хатиблари “Маҳалла”, “Нуроний” жамғармалари шаҳар бўлимлари, Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши, хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликдаги тарғибот ишларида фаол иштирок этмоқда. Турмуш қураётган ёшларга никоҳ ўқиш жараёнида панд-насиҳатлар қилинмоқда. Никоҳдан ўтиш учун ариза берган ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан ўтказилаётган суҳбатлар ўз самарасини бераётир. Мисол учун, 2017 йилда шундай суҳбатдан ўтган оилалар орасида ажралишлар қайд қилинмади.
ЎзА мухбири Акрамжон Сатторов ёзиб олди
Улашиш