Наманганда оилалар уйли, раислар машинали бўлди

126

Наманган шаҳрида бир гуруҳ фаол ёш оилаларга янги барпо этилган “Ёшлар уйи”дан хонадонлар, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи шаҳар ва туман кенгашларининг раисларига енгил автомашиналар калити топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Наманган вилояти ва шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ёшлар ташкилоти вилоят, шаҳар ва туман кенгашларининг раислари, фаол ёшлар, уларнинг ота-оналари, фахрийлар иштирок этди.

5.jpg

– Вилоятда Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида изчил иш олиб борилмоқда, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши раиси Илёс Раҳимов. – Хусусан, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш, фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтган давр мобайнида Мингбулоқ, Чортоқ, Янгиқўрғон, Уйчи ва Наманган туманларида мана шундай кўп қаватли замонавий уйлар қурилиб, турли соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган 200 дан зиёд ёш оилага топширилди.
Вилоят марказининг Халқлар дўстлиги маҳалласида барпо этилган 32 хонадонли уй ҳам фан, таълим, спорт, санъат, тадбиркорлик соҳаларида катта муваффақиятлар қозониб, тенгдошларига намуна бўлаётган фаол ёш оилаларга бошланғич тўловсиз 20 йиллик муддатга имтиёзли кредит асосида берилди.
10.jpg
– Болалигимдан спортнинг таэквондо тури билан шуғулланиб, Осиё ва жаҳон чемпиони, бир қатор халқаро турнирлар ғолиби бўлганман. Айни пайтда вилоят ўзбек жанг санъати федерациясида бош мураббий сифатида ишлаяпман, – дейди Наманган шаҳридаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийси Комилжон Ражаббоев. – Спортдаги бу ютуқларим эътироф этилганидан бахтиёрман. Шунчалик тез, кутилмаганда, бунинг устига имтиёзли равишда уй-жойли бўлишни тасаввур ҳам қилмаган эдим. Бундай ғамхўрлик бизни янада фаол бўлишга рағбатлантиради.
Тадбирда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг шаҳар, туман кенгашлари раисларига имтиёзли кредит асосида “Spark”, “Damas” автомашиналари топширилди.
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш