Учқўрғон жамоаси ғолиб

51

Наманганда “Ёш чегарачилар” мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. 
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Наманган вилояти бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар миллий армиямиз сафларини ҳар томонлама баркамол ёшлар билан тўлдиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Мусобақада вилоятнинг қўшни давлатлар билан чегарадош ҳудудларидаги 8 касб-ҳунар коллежи жамоалари иштирок этди.
3.jpg

9 (1).jpg
– Чақириққача тайёргарлик ёшидаги ўқувчиларни ҳарбий хизмат, хусусан, чегара хизматига босқичма-босқич тайёрлаб бориш, Ватанга муҳаббат, ҳарбий бурчга садоқат руҳида тарбиялаш ишларига ҳисса қўшиш ёшлар ташкилотининг асосий вазифаларидандир, – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Наманган вилояти кенгаши раиси Илёс Раҳимов. – Ушбу мусобақа ҳам ёшлар ўртасида “Ўзбекистон Республикаси Давлат чегараси тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, уларда ватанимиз хавфсизлигини таъминлашга дахлдорлик масъулиятини ошириш, мардлик, қатъият ва интизом каби фазилатларни шакллантиришга қаратилган.
Иштирокчилар 14 шарт бўйича назарий ва амалий тайёргарлигини синовдан ўтказди. Жумладан, сафда юриш, саф қўшиғи ижроси, кўргазмали воситалар, махсус либослар, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий билимлар, инглиз тили, автомат ва пистолетдан ўқ отиш, граната улоқтириш, жисмоний тайёргарлик ва ҳарбийлаштирилган спорт турлари бўйича беллашувларда маҳоратини намойиш қилди.
12.jpg
Мусобақада Учқўрғон тумани жамоаси биринчи, Янгиқўрғон тумани вакиллари иккинчи ва Поп тумани бўлажак чегарачилари учинчи ўринни эгаллади.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
Улашиш