ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МАРКАЗИ ЭЪТИБОРИГА

Ўқувчиларда келажак учун аввалдан замин ҳозирлаш масъулиятини шакллантириш – таҳририятимиз мунтазам эътибор қаратадиган мавзу. Абитуриентлик камида 5-синфдан бошланиши, билим олиш жараёнига ўрта синфларда юзаки ёндашиш бир қарашда сезилмайди, кейинчалик афсус-надоматлар туғдирадиган оқибатларга сабаб бўлиши мумкин. Муболағасиз айтишимиз мумкинки, бугун неча юзлаб филолог-талабалар мактаб даврида “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Юлдузли тунлар”, “Уфқ”, “Чинор” каби романлар матнини тўлиқ ўзлаштирмаганларидан азият чекишмоқда. Чунки талабалик даврининг ўзига яраша ташвишлари, топшириқлари бор. Улардан ортиб адабиётлар рўйҳатидаги барча бадиий асарларни ўқиб-улгуриш қийин. Режадаги бадиий асарларни ўқимаслик эса сессия арафасида ортиқча босимни келтириб чиқаради. Гап фақат филолог талабалар ва шу йўналишни танлаган абитуриентларгагина тааллуқли эмас. Олий ўқув юртлари аниқ ва табиий фанлар йўналиши 1-курс талабаларининг фанларни ўзлаштиролмай, қайтадан репетиторга қатнаб, мактаб ўқув дастурларини пухта ўзлаштираётганига ҳаётда гувоҳ бўлмоқдамиз. Ҳамма фанларнинг асоси мактаб ўқув дастурларидан ўрин олган. Шу боис мактаб даврида қайсидир дарслик билан пухта танишмаслик олий ўқув юрти дастурини ўзлаштиришда халақит бераверади. Тўғри, айрим талабалар бу даврни бир амаллаб ўтказишади, суя-суя билан олий даргоҳ сабоғини тамомлашади. Аммо қийинчиликлар шу билан тугаб қолмайди.

Яқинда тарих фани бўйича экспертимиз таянч мактабларда қайта ўқитилаётган муаллимларнинг савияси ҳақида сўзлаб берди. Очиғи, вазият ниҳоятда ачинарли. Педагогик иш стажи 5 – 20 йилни ташкил этадиган ўқитувчилар ўзлари учун нон даражасида қимматли ва қадрли бўлган фан соҳаларининг энг оддий талабларини, яъни мактаб ўқув дастурларини билишмаяпти. Қаранг, энди ўша ўқитувчилар малакали репетитор сабоғига боришни исташмоқда. Боришмаса ҳам бўлмайди. Негаки, таянч мактабларда қайта сабоқ олаётган муаллимлар махсус синов топширадилар. Синов талаблари қаттиқ ва қатъий. Ундан ўтолмаган муаллимларни ёруғ келажак кутмаслиги аниқ.

Муҳтарам мухлис! Кўрдингизки, нафақат қолган, балки кечиккан ишга ҳам қор ёғади. Билимсизлигидан хижолат тортаётган ўқитувчи бугун аттестацияда совуқдан қалтираётгандек дир-дир титрамоқда. Уларга сабр-тоқат ва изланиш тилаймиз, холос. Бошқа чора йўқ. Энди таниш-билиш орқали тест синовидан ёки аттестациядан ўтиш, дарс жараёнини ҳазил-ҳузул, латифа айтиш ёки мавзуни конспект қилдириш билан ўтказиб юбориш замон талабларига тўғри келмайди. Юзакилик, хаспўшлаш, кўзбўямачилик қийинчилик билан бўлса-да, асти-секин таълим муҳитидан суғуриб ташланмоқда.

Албатта, бу жараён осон кечмаяпти. Онгдаги осудалик оғриғи ҳамон ўзини сездирмоқда. Таълим муҳити ҳали-ҳозирча лоқайдлик иллатидан буткул қутулолмади. Акс ҳолда, биз бу мақолани ёзмасдик.

Мақоланинг ёзилишига эса таҳририятимиз ҳамкори бўлган муаллимнинг бир луқмаси туртки вазифасини бажарди. Гапдан гап чиқиб, у: “Коллежларнинг 1-курс талабалари 10-синф дарсликларини ўқишлари керакми?”  – деб сўради. Шундан кейин бизнинг сўроқ-саволимиз бошланди. Маълум бўлишича, у дарс ўтадиган коллежга 10-синф дарсликлари берилибди. Маъмурият эса буни адашмовчилик сифатида тушуниб, дарсликларни кутубхонада сақлаб туришни буюрибди. Қисқаси, ўша ва бошқа кўплаб касб-ҳунар коллежларида тушунмовчилик сабаб 1-курс талабалари 10-синф дарсликларини ўқишмаяпти. Йўқ, тушунмовчилик эмас, балки лоқайдлик ёки ўз вазифасига номуносиб раҳбарларнинг савиясизлиги сабаб шундай ачинарли ҳолат кузатилмоқда. Наҳотки, ўша раҳбарлар ҳозирги 1-курс ўқувчилари келгуси йил битирувчи бўлишларини ва кириш тест синовида 10 – 11-синф дарсликлари асосида имтиҳон топширишларини билишмаса?! Ўқув йили эса поёнига етмоқда. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 10-синф дарсликларини ўқимаётган 1-курс ўқувчилари тақдири эса кишини ўйга толдиради. Афсусланарлиси, лоқайд раҳбарлар бошқарувидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1-курс ўқувчиларининг аксарияти ҳам ҳали бу хусусда ўйлаб кўришмади. Қачонки 2019 йил йил келиб Давлат Тест  маркази синовда фойдаланиладиган дарсликлар рўйхатини эълон қилгач, ҳозирги 1-курслар  “уйғонишади”. Ана  ўшанда шов-шув кўтаришади, шикоятлар йўллашади. Лекин унда қимматли вақт аллақачон ўтиб кетган бўлади.

Сўзимиз якунида бу мақола анча кечикиб ёзилгани учун узр сўрашни лозим топдик. Биз касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг барчасида таълимдаги янгиликлардан хабардор раҳбарлар ишлашади, уларнинг ҳаммаси замон билан ҳамнафас юришади, деб ўйлабмиз. Шундай  ўйлар туфайли мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда 1-курс ўқувчилари қандай дарсликларни ўқишаётгани билан қизиқмабмиз.

Дарсликлар билан боғлиқ муаммо эса ҳамон долзарб ва 2-курс ўқувчилари бу тўғрида кўпроқ бош қотиришмоқда. Муаммо-савол қуйидагича: улар ҳам келгуси йил синовда 1-курслар каби 10 – 11-синф дарсликлари асосида тест топширишадими ёки ўзлари ўқиётган дастур бўйичами? Бир йилда икки хил дастурда ўқиган битирувчи бўлишини ҳисобга олиб, мутасаддилар муаммога қай йўсинда ёндашадилар?

Муҳаммад ВАЛИ

“Репетитор” газетаси лойиҳа муаллифи

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Улашиш