Поп туманида ўз жонига қасд қилган эркаклар кўп учрамоқда

47

Поп туманида сўнгги икки йилда ўз жонига қасд қилиш аёлларга нисбатан эркакларда кўп учрамоқда.

2016 йилда туманда аёллар ўртасида 15 та, эркаклар орасида эса 28 та шундай мудҳиш ҳодиса рўй берган. Ўтган йилги таҳлиллар ҳам ўз жонига қасд қилиш эркаклар орасида кўплигини (аёллар – 8 та, эркаклар – 31 та) кўрсатяпти. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.

Минг афсуски, 2016 йилда уларнинг 23 нафари, 2017 йилда 32  нафари ҳодисадан кейин ўлган. Асосан, ҳодисалар арқондан сиртмоқ ясаб осиш, ўткир тиғли мослама билан томирларини кесиш, ошхона пичоқлари билан қорин соҳасига жароҳат етказиш орқали содир этилмоқда.

Ёш нуқтаи назардан олганда ўтган йили ўз жонига қасд қилганларнинг 2 нафари, 18 ёшгача, 21 нафари 19-30 ёшгача бўлганлар, 31-60 ёш оралиғидагилар эса 16 тани ташкил қилмоқда. 30 ёшгача бўлганлар ўртасидаги ҳолатлар 8 тага камайган бўлса, 60 ёшгача бўлганлар 5 тага кўпайган. Ажрашган орасида 4 та, турмуш қурмаганлар ўртасида 8 та, оилалиларнинг 27 нафари ўз жонига қасд қилган. Оилавий келишмовчиликлар сабабли 5 та, руҳий касалликлар туфайли 3 та, бошқа сабабларга кўра 31 та ҳолат қайд этилган.

Маҳаллаларда ва оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни ўрганиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этишга кўмаклашиш бўйича ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи ушбу долзарб муаммога алоҳида эътибор қаратди. Туман мутасаддиларига ҳудудларда оилаларнинг ижтимоий-маънавий муҳитини доимо ўрганиш бўйича тавсиялар берди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, хотин-қизлар манфаатлари ва ҳуқуқлари устида кўпроқ бош қотирилиб, эркаклар муаммолари четда қолаётгандек. Хўш, эркаклар нега бундай мудҳиш қарорга келяптилар? Эҳтимол ҳаёт қийинчиликларидан руҳий тушкунликка тушиб қолган эркаклар маънавий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ёрдамга муҳтождирлар? Шу нуқтаи назардан, нодавлат-нотижорат ташкилоти мақомида Эркаклар муаммолари бўйича ташкилотга эҳтиёж туғулаётгандек, назаримизда.

Улашиш