АНИҚ ТАШХИС – ЯРИМ ДАВО

682

Дарҳақиқат, тиббиётда беморга аниқ ва тўғри қўйилган ташхис унинг ярим шифо топгани демак мазмунидаги шундай гап бор. Шу нуқтаи назардан бугун мамлакатимиз тиббиёт тизимида диагностика йўналишини илғор фан-техника ютуқларида асосида ривожлантиришга қаратилаётган катта эътибор диққатга сазовор.  Хусусан, соғлиқни соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш йўлида очилаётган янги имкониятлар самараси ўлароқ тиббий диагностик хизмат кўрсатиш амалиёти ҳам жаҳон андозалари даражасида жадал ривожланмоқда.

Бунга Наманган шаҳридаги “ANAMED” диагностика маркази фаолияти мисолида ҳам шоҳид бўлиш мумкин. Тадбиркор Носирбек Абдуллахонов саъй-ҳаракати билан ташкил топган мазкур мусасса иш бошлаганига эндигина бир йил бўлди.

-Уч-тўрт йил олдин умуртқам шикастланиб Москвада даволанишга тўғри келди, — дейди марказ раҳбари Носирбек Абдуллаев. – Ўшанда, “Шу муолажаларни нега ўзимизда ўтказиш мумкин эмас? Қачонгача юртдошларимиз узоқлар бориб даволанади? Ахир, ҳозир тиббиёт соҳада ҳам хусусий секторга кенг имкониятлар яратилмоқда-ку!, деган фикр миямга ўрнашиб қолди. Ўша ерда ўзим даволанаётган шифохонадаги мутахассислар билан маслаҳатлашдим… Хулллас, фикр ғояга, ғоя лойиҳага айланиб, Москвадан Наманганда хусусий клиника очиш мақсади билан қайтдим.

Албатта, ният холис, мақсад эзгу ва қатъий ҳамда шунга яраша изланиш, интилиш бўлса бугун мамлакатимизда ҳеч бир ташаббус рўёбга чиқмай қолмайди. Н.Абдуллахонов даволанишдан қайтиши билан, яъни 2014 йилда нейрожаррохлик йўналишида хусусий диагностика маркази ташкил қилиш ҳаракатини бошлаб юборди. Унинг ташаббуси вилоят ҳокимлиги ва соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан қўллаб-қувватланиб, Наманган шаҳри марказидан қурилиш учун ер майдони ажратилди.  Икки йил давом этган бунёдкорлик ишлари натижасида замонавий архитектура, энг асосийси бугунги давр тиббиёт муассасаларига қўйилган талабларига тўлиқ жавоб берадиган тўрт қаватли муҳташам бино қад ростлади. Бинога эшиклари ҳам ичкарига ва ҳам ҳовлига очиладагин лифт ўрнатилган. Бундай лифт шошилинч келтирилган беморларни доимо гавжум фойедан олиб ўтмасдан, машинадан тўғри лифтга олиб кириш имконияти билан афзал.

Нейрожаррохликка ихтисослашган ушбу марказ “Асака” банки томонидан имтиёзли кредит сифатида молиялаштирилган умумий қиймати 1 миллион 800 минг доллорга тенг энг илғор диагностика аппаратуралари ва бошқа тиббиёт ускуна ва жиҳозлари билан жиҳозланди. Жумладан, марказга келтириб ишга туширилган охирги авлод ультра товуш текшируви аппарати ташхис аниқлиги ва функционал имкониятлари нуқтаи назаридан  мамлакатимизда қўлланилаётган 4 та, Фарғона водийсида эса ягона шундай ускунадан биридир.

Шунингдек, марказнинг лаборатория, невропатология, радиология, эндокринология бўлимларида ҳам General elektrik, Simens каби машҳур компанияларда ишлаб чиқарилган тиббиёт техникалари воситасида юртдошларимизга юқори малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Кўчма рентгент, нейрожаррохлик столи, анестезиология ускунаси, микроиқлим, ёритиш, сунъий нафас олдириш ва бошқа кўплаб йўналишлар бўйича энг замонавий қурилмалар билан жиҳозланган иккита жарроҳлик блокида беморларда жаҳон андозалари даражасида жарроҳлик амалиётини ўтказиш мумкин.  Жонлантириш хоналарининг автоном коммуникация тизими билан таъминланганлиги муайян беморга қулай ва зарур шарт-шароитлар яратиш имконини беради.

Марказ ўз фаолиятини бошлагандан буён ўтган қисқа вақт – бир йил мобайнида икки мингдан зиёд беморга хизмат кўрсатилди. Олис қишлоқлардан, бошқа вилоятлардан келадиган юртдошларимизнинг кўп вақт йўқотмасликлари, икки-уч кунлаб сарсон бўлиб юрмасликлари учун телефон орқали олдиндан навбат олиб қўйиш тартиби жорий қилинган. Шунингдек, кексалар ва ногиронлар биринчи навбатда қабул қилинади.

-Ҳозирда қорин бўшлиғидаги хасталикларда лапароскопик жарроҳлик амалиётларини ўтказиш борасида изланиш олиб бораяпмиз, — дейди диагностика маркази бош шифокори Эркин Мирҳидоятов.-Бунинг учун бизда барча имкониятлар бор. Кўп функцияли тиббиёт кроватлари, зарур иқлим шароитини ҳосил қилувчи ва бошқа маиший-тиббий-санитария восита ҳамда жиҳозлари билан таъминланган ўн ўринли қисқа муддатли стационар бўлимида жаррохлик амалиётидан чиққан беморлар муайян муддат назоратимизда бўлади.

Хусусий тиббиёт муассасаси фан-техниканинг энг янги ютуқлари асосидаги технологик воситалари билан таъминлангани диққатга сазовор, албатта. Бироқ, танганинг иккинчи томони ҳам борки, асосан компьютерлаштирилган юқори технолгиялари тиббиёт аппаратуралари улар билан белгиланган самарадорлиги даражасида ишлай оладиган мутахассис бўлмаса, УЗИ, МРТ каби бошқа барча ускуналар билан ҳам кутилган натижага эришиб бўлмайди. Хўш, мазкур диагностика марказида бу масалага эътибор қандай?

-Албатта, малакали мутахассис бўлмаса, биз давлатимиз томонидан белгиланган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб хориждан келтирган фалон миллион доллорлик ускуналар бир уюм темир бўлиб тураверади, — дейди Н.Абдуллахонов. – Шунинг учун биз техник таъминот билан бир қаторда масаланинг бу жиҳати устида ҳам тенг иш олиб бораяпмиз. Кадрлар малакасини ошириш, илмий амалий ҳамкорлик бўйича Қозон шаҳрининг минтақалараро клиник диагностика маркази билан меморандум имзоладик. Шифокоримиз Ботир Юнусов у ерда малака ошириш курсини ўтиб келди ва у ўзлаштирган билим ва маҳоратини ҳозир ўзимизнинг шифокорлар билан ўртоқлашаяпти. Шунингдек, айни кунларда россиялик мутахассислар билан юз, бош чаноқ суяклари инплантацияси амалиётини йўлга қўйиш борасида иш олиб бораяпмиз. Бу мавзуда апрель ойида Россия Федерацияси орқа мия нейрожаррохлар ассоциацияси президенти Андрей Басков раҳбарлигидаги гурух иштирокида семинар ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда.

Бугун 30 киши, жумладан 4 нафар олий тоифали шифокор иш билан таъминланган “ANAMED” диагностика марказида лойиҳанинг навбатдаги босқичидаги ишлар қизғин давом эттирилмоқда.

-Президентимизнинг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори лойиҳамизни янада ривожлантиришга ундади, — дейди ташкилий ишлар бўйича масъул Улуғбек Абдурахимов. – Ҳозирда 40 ўринли стационар ва физиатерапия бўлими қурилиши якунига етказилмоқда. Бу ерга Англиянинг BTL компаниясида ишлаб чиқарилган лазер ускуналари, мамлакатимизда ҳозирча бирорта тиббий муассасада йўқ Simens кардио-ультра товуш текшириш аппарати каби  янги тиббиёт техника воситаларини келтириш устида иш олиб борилмоқда.

Акрамжон САТТОРОВ, Ҳотам МАМАДАЛИЕВ олган сурат.

 

Улашиш