Ўзбекистонга цитрус ўсимликлари илк бора ХХ асрнинг иккинчи ярмида олиб келинган. Совуққа чидамсиз бўлганлиги боис уларни иссиқхона ёки ҳандакларда парваришлаш оммалашган. Бугунги кунда ҳандаклар цитрус етиштириш учун энг арзон ва содда усул бўлиб, у иситиш ва капитал қурилиш кабиларга маблағ талаб қилмайди.
Мутахассислар бу усулда тупроқдан ажраладиган иссиқликдан фойдаланиш ва қишки даврда ўсимликларни соялаб, бекитиб қўйиш орқали ноқулай даврдан ўтиб олиш мумкинлигини айтишмоқда.
Юртимизда цитрус мевалар етиштириш учун бир неча турдаги ресурс тежамкор ҳандаклар таклиф этилмоқда, — дейди Академик Маҳмуд Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти вакилли Жамшид Азизов.- Икки томонга нишаб ҳандакларга пакана, кенг ҳандакларга эса ярим пакана кўчатлар экилади. Улар эни 3 метр бўлган ҳандакларда бир қатор қилиб бир-биридан 3 м оралиқда ўтказилади, эни 6 м кенг бўлган ҳандакларда эса 3 қатор қилиб девордан 1 м, қатор ораси 2 м, туплар ораси 3 м экилади.
Агар сиз бир сотих ҳандакда кўчат экмоқчи бўлсангиз, ер қазиш, сим река ўрнатиш ва 16-17 дона кўчат керак бўлади. Бунинг учун ўртача 7 миллион сўм сарфланади. Агарда техника ўзингизда бўлса 3 миллион сўм ҳам етади. Ҳандакларни шимолдан-жанубга ёки шимолий шарқдан-жанубий ғарбга қаратиб қуриш мақсадга мувофиқ. Бунда лимон ўсимлигига кун давомида қуёш нури бир текис тушади.
Бу усулнинг иқтисодий самарадорлиги жуда юқори. Тўғри, кўчатлар биринчи йил гуллайди, лекин, ҳосил бермайди. Ана шунда янги навдалардан қаламча олиб, кўчат тайёрлаб сотса бўлади. Ҳар бир кўчатдан 50 донагача қаламча тайёрланиши, биринчи йилдаёқ сарф-ҳаражатларни қоплашда қўл келади. Кейинги йилларда томорқа эгаси ёки фермер соф фойдага киради. Ҳа-я, уч йилга қадар лимон кўчатлари орасида қишлоқ хўжалиги экинлари етиштириб, даромадни янада ошириш мумкин.
Академик М.Мирзаев номли боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти ҳамда бир қатор хўжаликларни тажрибаси шуни кўрсатдики, мамлакатимизда фаол ҳароратнинг юқори бўлиши лимон навлари ичида энг кўп экилган Мейер навидан яхши сифатли мўл ва мунтазам ҳосил олиш имконини берди. Бу нав нисбатан кичиклиги ва эрта мева бера бошлаши билан фарқланади. Кўчат ўтқазилгандан сўнг иккинчи йили ҳосил беради. Ҳозирда институтда 2019 йилнинг баҳорида аҳолига етказиб бериш мақсадида интенсив усулда 20 минг дона лимон қаламчалари тайёрлаб қўйилди.
Қайд этиш жоизки, табобатда лимон турли юрак-томир тизими касалликлари, цинга, сил, ангина, организмда моддалар алмашинуви бузилиши, бод касалигини даволашда қўлланилади. Бундан ташқари лимон таркибидаги РР группа витаминлари қон босими пасайишига ёрдам беради ва мияда қон қуюлиб қолишининг олдини олади. Лимон мевалари узоқ сақланганда ва қайта ишланганда ҳам таркибидаги витаминларнинг сақланиши унинг қимматли хусусиятларидан биридир.
Шу боис ҳам лимон мевалари ва ундан тайёрланган бетакрор шарбатлар кўпгина хорижий мамлакатлар аҳолисининг кундалик озиқ-овқат маҳсулотларидан бирига айланиб улгурган. Лимон меваларнинг бу қадар кенг тарқалиши уларнинг беқиёс таъми, витаминга бойлиги, ҳушбўй ҳиди, қайта ишлаш, сақлаш ва ташишга яроқлиги, етиштириш ва кўпайтиришнинг у қадар мураккаб эмаслиги ва шу каби қатор афзалликлари билан тушунилади.
Сайёра Шоева, ЎзА
Улашиш