Мамлакатимизда Президентимизнинг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича изчил иш олиб борилмоқда. Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази ходимларининг ҳудудларга чиқиб, ўтказаётган тиббий тадбирлари фикримизнинг яққол дадилидир.

Яқинда пойтахтлик таниқли шифокорлар гуруҳлари вилоятимизда бўлишди. РИО ва РИАТМ потомарфология бўлими мудири, тиббиёт фанлари номзоди, Дониёр Нишонов, кимётерапия бўлими раҳбари Жамшид Ибрагимовлар Наманган тумани тиббиёт бирлашмасида фаолият олиб боришди. Дастлаб онкоэҳтиёткорлик, хавфли ўсма касалликларини эрта аниқлаш усуллари ва самарали даволаш чора-тадбирларига бағишланган кўргазмали анжуман ташкилланди. Унга туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси, қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктларининг умумий амалиёт шифоколрлари таклиф этилди. Ўқилган маърузаларда онкологиянинг долзарб муаммоларига эътибор қаратилди. Қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволлар юзасидан малакали мутахассислардан батафсил жавоблар олишди.

– Онкологик хасталикларнинг олдини олиш ва барвақт аниқлашнинг аҳамияти беқиёс. Даво муолажалари самарали кечиб, соғломлаштириш жараёнлари тезлашади, — дейди  тиббиёт марказининг вилоят филиали бош ва бўйин онкологи Акмалжон Боймирзаев. – Тошкентлик юқори малакали шифокорлар масаланинг мана шу жиҳатларига урғу беришяпти. Туманда фаолият олиб бораётган врачларнинг бу борадаги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш билан бирга тиббий ҳужжатларни талаблар даражасида юритиш бўйича маслаҳатлар бериляпти. Онколог Акрамжон Мирзаакбаровга  услубий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, туман кўп тармоқли марказий поликлиникасида тиббий кўрик ўтказилди. Кўплаб беморларнинг узоғи яқин бўлди.

Яна бир гуруҳ шифокорлар Норин туманида фаолият кўрсатишди. Тиббиёт маркази онкомамлогия бўлими мудири, тиббиёт фанлари доктори, профессор Лола  Алимхўжаева ва етакчи мутахассис, тиббиёт фанлари номзоди Нозимахон Умаровалар туман тиббиёт бирлашмасида маҳаллий шифокорларининг касбий маҳоратини оширишга ҳаракат қилдилар.

— Марказимизнинг етакчи мутахассислари ва профессорларининг ҳудудларга сафари одат тусига кириб қолди. Ҳар ойда уч кундан вилоятларга чиқилиб, “Маҳорат дарслари”, юқори технологик операциялар, бирламчи тиббиёт муассасалари мутахасссилари билан ишлаш ва беморларни тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнлари амалга оширилмоқда, — дейди профессор Лола Алимхўжаева. – Онкологик касалликлар ичида сут бези сартаони биринчи, бачадон тана саратони эса иккинчи ўринга чиқиб олди. Бунинг сабаблари нимада? деган саволларга жавоб излаяпмиз.

Намангандаги ташрифимизнинг биринчи куни РИО ва РИАТМ филиалида анжуман ўтказдик. Унда сут бези саратони ва аёллар репродуктив аъзолари саратони касалликларининг ортиши билан боғлиқ муаммолари юзасидан фикрлашиб олдик. Наманганлик онкологлар билан  шу кассалликлар кўпайиб бораётганлиги омилларини муҳокама этдик. Текшириш жараёнлари қониқарсизми ёки даволаш усулларида мавжуд бўлган муаммолар  борми? деган саволлар атрофида фикр-мулоҳазалар ўрганилди. Кейинги пайтда мазкур хасталикларга чалинганлар касалликнинг дастлабки даврида эмас, 3,4- босқичларида шифокорларга мурожаат қилишяпти. Ўз ўзидан кўриниб турибдики, фуқароларнинг ошкоҳушёрлиги етарли даражада эмас. Демак, аҳоли, айниқса аёллар ўртасида онкоогоҳликка ундовчи тарғибот ишларини кучайтиришимиз зарур. Одамларга саратон касалликлари қанча эрта аниқланса уни даволаш натижадорлиги шунча ортишини тушунтириш лозим.

Скрининг текширувлар самарадорлигини ошириш керак. 20 ёшдан 45 ёшгача бўлган аёллар ҳар йили камида бир марта ультратовуш текширувидан ўтишлари муҳим. 45 ёшдан 70 ёшгача бўлган аёлларни эса мамографик текширувлардан ўтказилиши шарт. Мана шу усуллар билан хавфли ўсма касалликларини, шу жумладан саратон олди хасталикларини барвақт аниқлаш имкониятлари кенгаяди. Бу йўллар билан аввало саратонннинг олдини олиш ва мазкур касаллик билан оғриган беморларни соғломлаштиришга эришамиз.

Таниқли шифокорлар Намангада юқори технологик жарроҳлик амалиётларини ҳам ўтказишди. Илгари фақат пойтахтда бажарилган аъзо сақловчи операциялар маҳаллий шифокорларга “Маҳаорат дарси” сифатида кўрсатиб берилди. Ташриф якунида эса Лола Алимхўжаева ва Нозимахон Умаровалар шифо масканида даволанаётган беморларнинг ҳолатини кўриб чиқиб, амалий тавсияларини бердилар. Шаҳар ва қишлоқлардан келган ўнлаб бемор аёллар тиббий кўрикка чорланди.

Суратда: тиббиёт фанлари доктори, профессор Лола Алимхўжаева бемор билан суҳбатлашмоқда.

                                                                                                                                                                                                                                        Абдулла ҒОЗИЕВ.

Улашиш