Ҳар йили ўлкамизга кириб келган гўзал ва фусункор Баҳор фаслининг илк кунларида барчамиз учун азиз ва мўътабар бўлган хотин-қизларимизнинг қутлуғ айёми – 8 март байрамини нишонлаймиз.

Баҳор ва Аёл. Таъбир жоиз бўлса бу икки сўзни бир-бирисиз тасаввур этиш қийин. Аёл зоти асрлар давомида ўзининг меҳру муҳаббати, гўзаллиги, нафосати, фидоийлиги ва сабру қаноти билан дунёга ибрат бўлиб келган. Зеро, у аввало, ҳаётимиз давомчиси бўлган фарзандларимизни дунёга келтириб, тарбия берадиган муқаддас зот – Онадир. У оиламиздаги тинчлик ва хотиржамлик, ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, файзу бараканинг мустаҳкам асосчисидир.

Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси томонидан 8-март “Халқаро хотин қизлар” кунига бағишланган байрам тадбири ўтказилди. Унда сўз олганлар мамлакатимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, тизимда фаолият юритаётган хотин-қизларнинг фаровон турмуш кечиришлари учун яратилаётган қулайликлар ҳақида тўхталиб ўтдилар.

Таъкидландики, мамлакатимизда 2018 йилнинг “Фаол тадбиркорлик ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинганлиги муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган режа ва вазифаларни амалга оширишда ҳам хотин-қизларимизнинг роли ва иштироки катта бўлади.

Қайд этилганидек, бугунги кунда Наманганда барча соҳаларда эришилаётган ютуқларда барча аёллар сингари вилоят давлат солиқ хизмати органларида меҳнат қилаётган бир гуруҳ хотин-қизларнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Байрам тадбирида уларга тадбир ташкилотчиларининг эсдалик совғалари улашилди.

Бир сўз билан айтганда, бугунги ўзбек аёли – Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришнинг олдинги сафида бораётган ва барчамизга намуна бўлиб келаётган жамиятнинг фаол аъзосидир. Улар ҳар қанча эъзоз ва эҳтиромга муносиб.

 Наманган вилоят давлат солиқ бошқармаси Жамоатчилик

билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими.

 

 

 

Улашиш