Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 7 март куни «Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Унга кўра, Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганларга 8 март — Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишлаб ўтказиладиган тантаналарда совриндорлик дипломлари ва кўкрак нишонлари топширилади, деб хабар беради «Vodiymedia.uz»
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорларининг ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг 50 баравари миқдорида пул мукофоти ажратади.
 Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланганлар орасида икки наманганлик қиз ҳам бор:
 Наманган санъат коллежининг 3-босқич ўқувчиси, Ёқубжонова Шахноза Тўлқинжон қизи ва Наманган давлат университетининг 1-босқич талабаси Сайфиддинова Муштарийбегим Фахриддин қизи!
 Бу икки ажиб истеъдод соҳибалари анча даврдан бери ўз ижодий ютуқлари билан барчамизни хурсанд қилиб келишаётганди.
Косонсойлик Шахноза Ёқубжонова ўтган йили Ёш ижрочиларнинг Республика танловида опера йўналишида биринчи ўринни қўлга киритганди. Ўт-оловлик, “саҳна, мана мен келдим, қабул қил” деган ишонч, ўзбек санъатида ҳали унчалик ривожланмаган жанр – операда қойилмақом ижро, ўзини тутишидаги шарқий ибо ва ғарб эркинлигининг омухтасини кўриш мумкин бу қизда. Ўтган йили ўзаро бир суҳбатимизда  “Бугун ўзимни катта саҳналарга тайёрлаш учун кўп меҳнат қилишим кераклигини яхши тушуниб турибман. Лекин, генерал бўлишни ҳоҳламаган аскар аскар бўлмаганидек, менинг мақсадларим ҳам катта: дунё операси маркази бўлган Римда концерт бериш!” деганди…
 
 Муштарийбегим Сайфиддинова 2015 йилдаёқ “Энг улуғ, энг азиз” танловининг вилоят босқичида “Ёзувчи ва шоирларнинг бадиий асарлари” номинациясида биринчи ўринни қўлга киритиб, ўз қобилиятини намойиш этганди. Қатор шеърий китоблари чоп этилган, ижоди ҳаттоки инглиз тилига ҳам таржимада ўқувчилар қўлига етиб борган.
Давлат миқёсидаги юксак ижодий эътироф билан қутлаймиз!
Улашиш