«Кўк тўнли ота»нинг иккинчи умри

311

«Кўк тўнли ота» масжиди шу ном билан аталган Кўк тўнли ота ҳазратларининг шарафларига қурилган. Бино у киши дафн этилган марқад ёнида. Масжидни Чуст шаҳрининг мухлис бойларидан Ворисбой салкам икки аср аввал қурдирган.

Масжиднинг ёнида (ҳозирги болалар поликлиникаси ўрнида) Ворисбой оиласига мансуб кичик қабристон бўлган. Ушбу ерга, Кўк тўнли отанинг оёқларига қабристон – хилхона  қилишдан мақсад маълум. Барча улуғ зотларнинг оёқларида шогирдлари, яқинлари ва уларга ихлос қўйган бадавлат кишилар шу йўл орқали уларнинг муҳаббатларига сазовор бўлишга уринганлар.

Масжидда биринчилардан бўлиб Бухорои шарифдаги «Хўжа Порсо» мадрасасини тамомлаб ўз шаҳрига қайтган чустлик уламо Маҳкам ҳожи домло имом-хатиблик қилганлар. Ул зот Нақшбандия тариқати зикр таълими бўйича ижоза олган ва аҳли сунна ақийдаси бўйича етук мутахассислардан бўлганлар. 1937 йилда қатағонга учраб Наманган шаҳрида жойлашган қамоқхонада қатл этилганлар.

Кўк тўнли ота Чуст шаҳрининг фахри, Нақшбандия тариқатининг муршидларидан бири Мавлоно Лутфулло ибн Фатҳулло Чустийнинг шогирдларидан бўлганлар. Мавлоно Лутфулло ҳазратлари у кишининг хизматларидан мамнун бўлиб ўзларининг кўк рангли тўнларини кийгизганликлари сабабли шу номни олганликлари тарихдан маълум.

Сиз мухлисларга  тақдим этилаётган бу  манбалар масжидни 90-йилларда ўз маблағлари эвазига қайта таъмирлаб очган Лутфулло Махдум ҳожи ота хотиралари асосида  тикланди.

Улашиш