фото:uza.uz

 Наманган вилоятида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини оширишда илғор технологияларни қўллашга устувор аҳамият қаратилмоқда. “Электрон поликлиника” ва “МедДата” автоматлаштирилган ахборот тизимлари ишга солинган эди. Энди бўлса шошилинч тиббий хизмат фаолиятини такомиллаштириш  сари муҳим қадам қўйилди.

Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган Фармон ва Қарорларда  шошилинч тиббий хизмат кўрсатишни замон талаблари даражасида ривожлантириш билан боғлиқ  ғоят муҳим вазифалар ўз ифодасини топган. Вилоятда бу йўналишда изчил иш олиб борилмоқда. Аввало, тизимнинг  ихтисослаштирилган автомашиналар парки янгиланмоқда. Ўтган йили 94 янги автомашиналар олинди. Айни пайтда 178 та тез тиббий ёрдам  биргадаси туну кун эл хизматига камарбастадир. Улар ихтиёрида жаҳон андозалари даражасида тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, Японияда ишлаб чиқарилган “Ниссан” ва Жанубий Кореядан олиб келинган “Хундай” автомобиллари ҳам борлигини алоҳида эътироф этмоқ жоиз.

Куни кеча соҳа фаолиятини такомиллаштириш борасидаги яна  бир лойиҳани амалиётга татбиқ этиш якунига етказилди. Яъни, тез тиббий ёрдам хизматига йўналтирилган барча автомашиналарга GPS навигаторларни ўрнатиш ва уни тизим бошқарув марказига улаш ишлари тугалланди. Лойиҳани BePro дастурлаш маркази қошидаги ҳаракатланувчи обеъктларни мониторингини олиб бориш UZGPS  ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ҳузуридаги инновацион технологияларни жорий этиш бўлими томонидан рўёбга чиқарилди. Ғояни амалга ошириш учун  маҳаллий бюджетдан   101  миллион сўмга яқин маблағ йўналтирилди.

Энди вилоятдаги шаҳар ва қишлоқларда ташкил этилган тез тиббий хизмат станциялари ва шаҳобчаларига бириктирилган санитар автомашиналари қаерда ҳаракатланаётганлиги ҳақидаги маълумотлар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали диспетчерлик  марказида, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси компьютер марказида ва автокорхона раҳбарияти компьютерида 24 соат кўриниб туради.

— Янгиликнинг аҳамияти беқиёс. Биринчидан, чақирувлар ҳақидаги маълумотлар мурожаат қилган бемор хонадонига энг яқин турган тез тиббий ёрдам бригадасига етказилади. Натижада саноқли дақиқалардаёқ шифокорлар шошилинч тиббий хизматга эҳтиёж сезаётган инсон ҳузурига етиб боришади ва заруриятга қараб тезкор муолажаларни ўтказишади. Пировардида вақтдан ютилади. Иккинчидан, олис масофадан йўлга чиқиши мумкин бўлган автомашинанинг ёнилғиси иқтисод қилинади. Қолаверса кун бўйи хизматда бўлган автомашинанинг қанча йўл босганлиги ҳисоботи аниқ шакллантирилади, — дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов.

                                                                                                                        Абдулла ҒОЗИЕВ.

 

 

Улашиш