Вилоятда  ҳар йили гул байрамининг  чиройли ўтказилиши, бу байрам наманганликлар ҳаётига сингиб,  яхши анъанага айланиб қолгани бежиз эмас.  Нега деганда, гулу райҳонни, гўзалликни яхши кўрадиган ва шундай ободликни ўз қўли билан  яратадиган одамларнинг қалби  ҳам гўзал бўлади.

Шавкат  МИРЗИЁЕВ

           Гул етиштириш дунё халқларининг  азалий машғулоти. Одамлар миллатидан, қаерда яшашидан, эътиқодидан  қатъий назар  гулчилик билан шуғулланиб келишади.  Шу боис ҳам гул завқини туймаган, гулларнинг бетакрор жозибасидан таъсирланмаган инсон  кам, десак янглишмаймиз. Бир қарашда бу машғулот гўё  аёлларга хосдек, туюлсада гулчиликни чинакам  касбу корига айлантирган  эркаклар ҳам оз эмас.

         Гулларни маданийлаштиришда  кўҳна  қитъа аҳолиси катта ишларни қилган. Франция, Италия, Голландияда бу зироатчилик ҳам сердаромад соҳага айланиб кетган. Қолаверса,  жуда кўп мамлакатларда   анъанага айланган гул байрамлари, гул  фестиваллари   гулчилик бобида  энг юқори натижага эришганларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш мақсадидагина эмас, гул шайдоларига олам-олам  эстетик завқ  улашиш, аниқроғи одамларни эзгу амалларга чорлаш ниятида ҳам уюштириб  келинади.

Осиёликлар ҳам гулчилик бобида анойи эмаслар. Ҳинди-Хитой  мамлакатларида гул карнаваллари, гул шодиёналари ўтказиладики, унда қатнашиб, маҳоратини намоён этишга ошиққанларнинг адоғи йўқ бўлади.  Жанубий Кореяда гул парваришлаш санъат даражасига етказилганлигига офарин. Ўтган йили ана шу давлатда бўлган ҳамюртимиз Тоҳиржан Дадаханов телеграм орқали биз билан баҳам кўрган мана бу суратдаги жозибадорликка  тасаннолар айтмасдан иложимиз йўқ.

Янги йил арафасида  медиатур иштирокчиси сифатида Хитой Халқ Республикасида сафарда бўлган чоғимда Чин мамлакати аҳолиси ҳам  гулчилик бобида катта тажриба  ва маҳорат эгаси эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Улар парваришлаётган муаттар гулларнинг тури, навини сон-саноғи йўқ эди, гўё. Бири-биридан ажабтовур гулларни  кўриб  хайратга тушдик. Айниқса, Шеньчжен шаҳрида яшовчиларнинг  бу борадаги изланишу маҳоратларига қойил қолдик.

Шаҳар кўчаларини кезар эканмиз эътиборимизни осмонўпар, маҳобатли ўзига хос шаклу шамойилга эга бино ва иншоотлардан кўра ланшахт архитектураси, аниқроғи кўркам табиий  манзараси кўпроқ жалб этганлиги ҳақиқат. Шу ўринда батафсилроқ тўхталиш жоизки, мегаполис замонавий  меъморчилик ютуқларини ўзида мужассам этибгина қолмасдан, кўкаламзорлаштириш ва атрофни гуллар билан буркаш ишлари ғоят оқилона бажарилган.  Турар-жойлар деразасида ҳам гул парваришланаётганлигининг ўзи бу машғулот бағоят оммавийлик касб этганлигини тасдиқлайди.

Миллий боғдаги серфайз ва хайратомуз гўзалликни таърифлашга тил ожиз. Йўл четлари  олисдан-олис  масофаларда манзарали дов-дарахту мафтункор гулларга чўлғонган. Баланд-баланд йўл иншоотлари ҳам гуллар билан безатилган. Ҳашаматли бинолар теварагидаги  гулзорлар, бири-бирига асло ўхшамайдиган гул кўргазмалари конструкцияларга ажойиб  дид билан  жойлаштирилган. Яна бир муҳим жиҳат шаҳарнинг марказий кўчаларида ўстирилган дарахтларнинг остида ҳам анвойи гуллар барқ уриб турибди. Гул ўтқазилмаган бирор қарич бўш ерни кўрмайсиз.

Яна бир ўзига хослик — ҳудудлар чиройига чирой қўшишда ҳам ажиб тароватли гуллардан безак сифатида қўлланилмоқда. Айрим шиор ва ёзувларни акс эттиришда  гуллар шакл-шамойилидан  фойдаланилган.  Энг ҳушманзара майдонлар ва кўчаларга кўп йиллик гул дарахтлари ўтқазилган.  Табиатнинг ноёб туҳфасини қарангки, гул дарахтлари хатто  қиш фаслида ҳам  чаман бўлиб очилиб, атроф гўзаллигига файз бағишламоқда.

Мақолада таассуротлар остида  хитойликларнинг гулчиликка иштиёқлари  баланд эканлигини, улардан ҳам ўрганса  арзийдиган тажрибалар кўплигини эътироф этдик, холос. Юртдошларимиз ҳам гулчиликда ўзига хос мактаб яратишганлиги барчамизга аён. Айниқса, гуллар диёри  сифатида танилган  Наманганнинг анъана  ва ютуқлари таҳсинга лойиқ. Ўтган йили эллик етттинчи бор нишонланган  “Гул байрами”нинг довруғи хорижга ҳам ёйилганлиги, гул шайдоларининг бугунги авлоди ҳам аждодлар  изидан бориб, астойдил изланаётганликлари, ҳатто  чет элларда  малакаларини бойитиб келишганидан хабардормиз.

Бу йилги байрам эса янада фусункор ва мазмун моҳиятан “шов-шув”лироқ  тарзда кечиши учун амалий ишлар бошланган. Унда баҳоли қудрат иштирок этиб, гулмакон юртимизнинг нуфузини оширишга баҳоли қудрат ҳисса  қўшиш ҳаммамизнинг   фуқаролик бурчимиздир. Ана шу хайрли  ва шарафли саъй — ҳаракатда 2017 йилги олий соврин соҳиблари тиббиётчилар ҳар қачонгидан ҳам фаоллик кўрсатишларига шубҳамиз йўқ. Соғлиқни сақлаш муассасалари иссиқхоналарида кўкартирилаётган гуллар тез орада шифо масканлари, кўча ва хиёбонлар тароватига  кўрк бағишлашига ишончимиз комил.

                                                                             Абдулла ҒОЗИЕВ.

                                      Суратларда: гулчилик соҳасидаги ҳориж

                                         тажрибасининг айрим кўринишлари.

Улашиш