Юртимизда болалар тарбияси, таълими, уларни хар томонлама ривожланиши  учун  ғамхўрлик кўрсатилади. Шу боис Ўзбекистон халқ демократик партияси Наманган шаҳар депутатлик гуруҳи  аввало бу масала моҳиятини оммага етказиш учун маълум ишларни амалга оширди.  «Мактабгача таълим муассасаларининг моддий -техника базасини мустаҳкамлаш ва болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш борасидаги ишларнинг аҳволи тўғрисида»ги масалани шаҳар Кенгаши сессияси кун тартибига қўйганди. Шаҳримизда 32 минг нафар боғча ёшидаги бола бор. Боғчаларга жалб этиш эса 22 фоизни ташкил этади. Бу республикадаги энг паст кўрсаткичлардан бири. Мавжуд бўлган МТМларида ўйинчоқлар билан таъминлаш 67 фоиз. Боз устига болалар боғчалари тирбанд. 340 ўринли 6-МТМда  530 нафар бола бор. 34 МТМда эса 280 ўрнига 438 бола тарбияланмоқда. Демак бу масала мактабгача таълим муассасаларини қуриш энг долзарб вазифа эканини кўрсатмоқда. Яна шу муаммо мавжуд эдики, халқ таълими тасарруфида бўлгани учун боғчаларга мактаблардай эътибор йўқ эди.

2017 йил 30 сентябрда Президентимиз томонидан «Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармон қабул қилинди. «Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарор соҳага янги руҳ, янги шукух бахш этди. Шундан кейин аввалги мониторинг хулосаларимизни яна кўриб чиқдик. Сессия муҳокамасидан сўнгги ҳолат қуйидаги манзарани кўрсатди. 61 та давлат, 9 та нодавлат мактабгача таълим муассасаларига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 8448 нафари тортилган. Боғчаларга қамраб олинган болалар сони 23,1 фоизга кўтарилибди. Аммо бу кўрсатгич республикамизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотга мутлақо   жавоб бермаслиги аниқ эди.

«Йўл харитаси» буйлаб юриш, нодавлат таълим муассасаси очиш истагида бўлган тадбиркорлар билан учрашувлар яхши ишларга қанот бўлди. 100 нафардан ортиқ тадбиркорларнинг аризалари ўрганилди. 38 нафарининг манзилий руйхатлари шакллантирилди. Бу тадбиркорлардан 22 нафари янгитдан нодавлат таълим муассасаси очиш истагини билдирган. 11 нафари тегишли бўш бино ва коттежларда муассаса ташкил этмоқчи . Беш нафари эса ўзининг шахсий хонадонида боғча ташкил этиш истагини билдирган. Демак бу йил 38 та янги нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этилади. 3885 бола муассасаларга жалб этилади. Бу катта иш қарийиб 51,35 млрд. сўм маблағни талаб этади. Тадбиркорларнинг ўзлари 16,6 млрд. сўм сарфлашади. Банк кредитлари хисобидан эса 34,75 млрд. сўм сарфланиши кўзда тутилмоқда.

Гарчи болалар таълим-тарбияси билан боғлиқ муаоммолар  партиямиз аъзолари, фаоллари томонидан аввалда ҳам ўрганилган, халқ депутатлари шаҳар Кенгашига  сайланган депутатларимиз томонидан сессияларга масалалар киритилган бўлсада, бу иш Президентимизнинг  ўтган йилнинг 16 август, 19 октябрь кунлари ва жорий йилнинг 14 февраль кунги ўтказган йиғилишларида янги босқичга кўтарилди. Бу билан болалар келажагига барчамиз масъул эканлигимиз амалда руёбга чиқмоқда.

  • Илҳомжон Атабаев,
  • Халқ депутатлариНаманган
  • шаҳар кенгаши раисииннг ўринбосари.
Улашиш