Ўқувчи дафтарларини ишлаб чиқарувчиларнинг саводи қачон чиқади?

41
Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорлик фаол қўллаб-қувватланаётгани, бу жараёнга инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этилаётганидан халқимиз ғоят мамнун. Савдо расталаридаги ранг-баранг ўқув қуролларини сотиб олаётган болаларнинг завқи бошқача.
Фақат бир жиҳат кишини ўйга толдиради: ўқув қуроллари маънавий-маърифий талабларга жавоб берадими? Афсуски, бу саволга ижобий жавоб бериш мушкул. Сўзимизнинг далили сифатида кундалик дафтарлари билан боғлиқ муаммони тилга олмоқчимиз.
Маълумки, жорий ўқув йилида 5 миллион 245 минг 221 нафар бола таълим-тарбия жараёни иштирокчиси ҳисобланади. Бу – шунча миқдордаги кундалик дафтар дегани. Шу маънода ноширлик соҳасида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар учун ўқув қуроллари ишлаб чиқариш мўмай даромад манбаи демакдир. Улар наинки кундалик дафтарларини полиграфия сифати, балки, маънавий жиҳатларига ҳам масъулият билан қарашса мақсадга мувофиқ бўларди.
Айни муҳим омил аксарият ҳолларда уларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Мисол тариқасида бир кундаликнинг айрим саҳифаларини ҳукмингизга ҳавола қилмоқдамиз.
photo5235562720508618952.jpg
Энди ўзингиз баҳо беринг. Давлатимиз мадҳиясига сарлавҳа қўйиш мумкинми? Нима учун бу каби ўзбошимчалик ва масъулиятсизлик урчиб бормоқда?
Кундалик дафтарини чоп этишга миллион-миллион маблағ сарфлаётган тадбиркорга мадҳиямиз матнини малакали мутахассисга ўқитиб олиш шунчалар қийинми?
Ўша тадбиркорнинг ўзи мамлакатимиз маъмурий жиҳатдан 14 та субъектга бўлинишини билмайдими? Бизнингча, жуда яхши билади. Хато ва камчиликларнинг бош сабаби шунчаки лоқайдлик, масъулиятсизликдан бошқа нарса эмас. Замон шиддат билан олдинга босмоқда. Баъзи тадбиркорлар онги шууридаги “бўлаверади”чилик кайфияти эса ҳамон йўқолмаяпти. Гап ўқувчининг доимий ҳамроҳи бўлган дафтар, умумий дафтар, кундалик дафтарлар ҳақида кетмоқда. Унутмайлик, улар миллионлаб нусхада ишлаб чиқарилади ва биз қайд этган биргина мисол билан чегараланмайди .
Жорий ўқув йили якунланмасданоқ, полиграф-тадбиркорлар шу кунларда янги мавсумга ҳозирланишмоқда. Ўқувчиларни қувонтириш мақсадида қутлуғ ишга бел боғлаган тадбиркорлар учун бу жараён айни чоғда маънавий-маърифий бурчни адо этиш имкони ҳамдир. Улар ҳамиша шуни ёдларида тутишса, бас! Балки мутасаддилар ёзувли ўқув қуролларини ишлаб чиқариш жараёнининг нашриётлар орқали назорат қилиш йўлини танлашар. Эҳтимол, муаммонинг олдини олиш учун яна ҳам қулайроқ йўллар топилар…
Шундай бўлишига умид қилиб қоламиз.
Муҳамад Вали,
“Репетитор” газетаси лойиҳа муаллифи.
Улашиш