фото: Ҳотам МАМАДАЛИЕВ

Бугун  юртимизга барчамизни соғинтирган баҳор кириб келди. Бобо қуёш булутлар ортидан бўй кўрсатди. Борлиқни офтоб тафти қиздирди. Бу ҳароратдан ер уйғонади, ўт-ўланлар бош кўтаради, кўнгилларга илиқлик югуради.

Баҳор – гўзаллик, орзу-умидлар фасли. Бўртиб қолган куртаклар кўз очди. Ариқ лабида бўй чўзган ялпизлар ифори, шўх шабаданинг майин шивири дилни энтиктирди. Улар биз кутган, қалбларга шодумонлик, сурур бағишловчи ардоқли айём – Наврўзи оламдан дарак беради.

Наврўз – энг қадимий, асл миллий ва энг ардоқли байрамимиздир. Маъно-мазмуни ва фалсафаси билан ҳаётимизга жо бўлган Наврўз яшариш ва янгиланиш палласи, шарқона янги йил дебочаси, боқий қадриятлар айёмидир.

Бу эзгу қадрият баҳорнинг илк кунларида ўтказиладиган ҳашарларда яққол намоён бўлади. Унда ҳар бир юртдошимиз фаол иштирок этиб, мамлакатимиз ободлиги ва халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшишга интилади. Маҳалла ва тураржойлар, муқаддас зиёратгоҳ ва табаррук қадамжолар тартибга келтирилади, кўча ва хиёбонларга мевали ва манзарали дарахт кўчатлари, турфа гуллар экилади. Миллати, тили ва диний эътиқодидан қатъи назар, диёримиздаги барча юртдошларимиз ҳамжиҳатликда ўтказадиган бундай эзгу ишлар жамиятимиздаги ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Кўкаламзорлаштириш, янги боғлар яратиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш баҳорнинг энг муҳим тадбирларидандир. Наврўз айёмида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар туфайли юртимизда боғ-роғлар тобора кенгаймоқда, шаҳар ва қишлоқларимизда сўлим гўшалар, хиёбонлар, истироҳат боғлари барпо этилмоқда.

Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирлари бошлаб юборилди. Наманган вилояти шаҳар ва туманлари, қишлоқ ва маҳаллаларида ҳам ҳашарлар ташкил этилиб, кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда.

– Баҳорги юмушлар билан бирга, ушбу фаслда ўтадиган байрамлар тадоригини ҳам бошлаб юборганмиз, – дейди “Нуроний” жамғармаси Наманган  вилоят бўлими раиси Икромхон  Нажмиддинов. – Кўча ва маҳаллалар тозаланмоқда. Ободонлаштириш ишларида каттаю кичик ҳамжиҳатлик билан иштирок этаётир. Халқаро хотин-қизлар куни ва Наврўз байрами олдидан турли маданий-маърифий тадбирлар, ҳашарлар ўтказилмоқда.

Наврўз – табиатни янгилайди, яшартиради. Унинг удумлари эса инсон руҳиятини янгилайди, поклайди. Бу байрам бутун борлиқни уйғотгани каби инсон кўнглига қувонч бағишлайди, ҳаётга, яшашга руҳлантиради. Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш йўлида улкан бунёдкорлик ишларини амалга ошираётган юртдошларимизнинг қалбини янги орзулар билан тўлдиради. Шунинг учун ҳам халқимиз Наврўзни азалдан оммавий сайил, уйғониш фасли сифатида кенг нишонлайди.

 

Улашиш