Давлат хизматлари маркази

Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилмоқда ва модернизация қилинмоқда. Бу аҳолининг ҳаёт сифати, инвестиция иқлими, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.

2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини “ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари (кейинги ўринларда Инспекциялар деб юритилади) томонидан амалга ошириб келинган.

2016 йил 1 январдан бошлаб Инспекциялар негизида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари (кейинги ўринларда Ягона марказлар деб юритилади) ташкил этилди.

2017 йил 1 февралдан Ягона марказларнинг туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилиши мазкур соҳани ривожлантириш бўйича кейинги қадам бўлиб, вертикал бошқарувни шакллантириш, уларнинг самарали фаолиятини ташкил этиш имконини берди. Натижада Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди, 2018 — 2020 йилларда босқичма-босқич жорий этиладиган, фақат тадбиркорлик субъектларига «ягона дарча» тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари орқали кўрсатиладиган 68 та давлат хизматлари тури тасдиқлаб қўйилди

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўйича Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга яхшилашга хизмат қилди.

Наманган шахар “Ягона дарча” маркази томонидан 2017 йилда давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан тадбиркорлик субъектларидан 1899 та мурожаат қабул қилинган бўлса, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича жами 4434 та, шундан юридик шахс ташкил этиш бўйича 1062 та, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйҳатдан ўтиш учун 3372 тани ташкил қилди.

Давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг сифати, тезкорлиги, шаффофлиги ва фойдаланиш имкониятини тубдан ошириш орқали “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган улуғвор ғояни сўзсиз амалга тадбиқ қилиш исботи сифатида, 2017 йил 12 декабрь куни Президентимиз томонидан “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. 2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.

Шунингдек, 2018-2020 йилларда жорий этилишига қараб Давлат хизматлари марказларида “ягона дарча” тамойили бўйича ахолига кўрсатиладиган 58 та давлат хизматининг рўйхати тасдиқланди. Уларнинг қаторида уй-жойларнинг сув таъминоти, канализация, иссиқлик таъминоти ва бошқа муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш, якка тартибда уй-жой қуришни амалга оширишга рухсатнома, турар жойи бўйича рўйхатга олиш (прописка), рўйхатдан чиқариш ва ҳисобга қўйиш, турли архив маълумотномалари, патентлар, гувоҳномалар ва расмий ҳужжатлар дубликатларини олиш каби аҳолининг талаби юқори бўлган хизматлар мавжуд.

Аҳоли билан ўзаро боғлайдиган ягона жой сифатида Давлат хизматлари марказлари ва Халқ қабулхоналари давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, фуқароларнинг вақт ва молиявий харажатларини камайтириш, шунингдек, уларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини оширишга хизмат қилади.

Шавкатжон АКРАМОВ,

Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази директори вазифасини бажарувчи.

Улашиш