Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган вазифалар ижросига изчил киришилганлиги барча жабҳаларда ривожланишнинг янги босқичини бошлаб берди. Жумладан, молия органларининг фаолиятида ҳам ўзгаришлар кўзга ташланмоқда. Хусусан, бюджет шаффофлигини таъминлаш, бюджетдан ажратилаётган маблағларни мақсадли ва манзилли етказиш борасида зарур чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Вилоят молия бош бошқармаси вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда Уйчи тумани тиббиёт бирлашмасида ўқув анжумани ташкиллади. Уни вилоят соғлиқни сақлаш бош­қармаси бошлиғи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Солижон Мўминов бошқарди.

Вилоят молия бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зуҳриддин Баҳриддинов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ-3454-сонли қарори билан тасдиқланган бюджет параметр­ларига мувофиқ, Ўзбекис­тон Республикаси Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликларининг тиббиёт муассасаларга ажратилган бюджет маблағларини харажатлар тури бўйича белгиланган меъёрларда тенг улишларда режалаштириш тўғрисидаги қўшма хати талаблари ҳақида гапирди.

Вилоят молия бош бошқармасининг бўлим бошлиғи Яҳёхон Зоидовнинг маърузасида эса давлат бюджетидан вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларига 534 миллиард 196 миллион сўм маблағ ажратилганлиги ҳамда мазкур маблағларни муассасалар кесимида аҳоли ва ўрин кунларидан келиб чиқиб тенг улушларда тақсимлаш бўйича тавсиялар берилди.

Жумладан, Наманган вилоятидаги соғ­лиқни сақлаш муассасаларига жорий йил учун дори-дармон ва тиббий буюмлар харид қилиш харажатларига бюджетдан жами 46 миллиард 926 миллион сўм ёки 2017 йилда тасдиқланган маблағга нисбатан 3 баробарга ортиши натижасида 31 миллиард 161 миллион сўм кўп маблағ ажратилаётганлиги ҳақида айтилди.

Шундан қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оила поликлиникаларига бириктирилган ҳар бир фуқаро ҳисобига дори-дармон воситалари учун 3135 сўмдан маблағ режалаштирилаётганлиги сабабли жорий йилда 6 миллиард 734 миллион сўмга етказилмоқда ёки ўтган йилга нисбатан 4 миллиард 200 миллион сўмга ортганлиги, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларига битта ўрин кунга 8544 сўмдан маблағ кўзда тутилаётганлиги туфайли жорий йилда ушбу муассасаларга 12 миллиард 133 миллион сўм белгиланганлиги ёки бу миқдор ўтган йилга нисбатан 8 миллард 155 миллион сўмга кўпайганлиги, тез тиббий ёрдам хизматига ҳар бир тиббий чақурувга 5000 сўмдан режалаштирилаётганлиги сабабли жорий йилда ушбу хизмат учун 4 миллиард 495 миллион сўм тақсимланганлиги ёки ўтган йилга нисбатан 2 миллиард 956 миллион сўм зиёдлиги изоҳланди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ўтган йилда амбулатор поликлиникаларга бириктирилган ҳар бир фуқаро учун дори-дармон харажатларига меъёр ўртача 1500 сўм эди, жорий йилда 3115 сўм ёки 1615 сўмга кўп, тез тиббий ёрдам муассасаларига ўтган йилда дори-дармон харажатларига ҳар бир тиббий чақирув учун меъёр ўртача 1800 сўм бўлган бўлса, жорий йилда 5000 сўм ёки 3200 сўм ортиқ маблағ ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2017 йил 12 декабрда ўтказилган йиғилишда соғлиқни сақлаш соҳасини такомиллаштириш ҳамда аҳолига сифатли ва тезкор тиббий хизмат ташкил этиш борасида бир қатор топшириқлар берилган. Шунга мувофиқ, вилоят ҳокими Х. Бозаров томонидан тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан барча шаҳар ва туманларда скрининг хоналари ва намунали туғруқ бўлимларини ташкил этиш белгиланган. Бунинг учун бюджетдан қарийб 12,4 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Семинар қатнашчиларига скрининг хоналарини ташкил этиш намунасини Уйчи тумани тиббиёт бирлашмаси мисолида кўрсатилди. Туман тиббиёт бирлашмаларида 1 тадан скрининг хона ташкил этиш учун бюджетдан 423 миллион сўм маблағ сарфланиши мўлжалланмоқда. Шундан ҳозирги замон талабларига мос келадиган замановий УТТ аппарати сотиб олиш учун 380 миллион сўм ва хоналарни жиҳозлаш ҳамда таъмирлаш учун 43 миллион сўмдан маблағ ажратилди.

Тадбир қатнашчилари саволларига батафсил жавоблар берилди.

Улашиш