Наманганда кўрган кўзга дастлаб бироз эриш туюлиши мумкин бўлган, бироқ моҳиятини англагач, инсоннинг баҳри дили очилиб кетадиган ажойиб воқеъликка гувоҳ бўлдик: Шаҳарнинг тўртта нуқтасида ичи китоб билан тўлдирилган “Китоб жавонлари” (Халқ кутубхоналари) ўрнатилди. Буижтимоий лойиҳалари билан Ўзбекистонга кенг танилган таниқли тадбиркор, шаҳар Кенгаши депутати Маъруфжон Мўминовнинг Наманган китобсеварлари билан бирликдаги янги лойиҳасидир, деб ёзади vodiymedia.uz.
— Бу лойиҳамизнинг тамалида 2017 йилги шаҳар кенгаши депутатлигига сайловолди кампанияси жараёнида сайловчиларга берган ваъдамиз турибди, — дейди Vodiymedia.uz мухбири билан суҳбатда Маъруфжон Мўминов. – Ўшанда сайлов участкаси ҳудудида бундай китоб жавонлари ўрнатишни режа қилгандик. Бироқ кейинчалик, лойиҳани кенгайтириб, бутун шаҳар бўйлаб жами 500 та “Китоб жавони” ўрнатишга қарор қилдик. Чунки бу ишнинг ижтимоий аҳамиятини яхши англаб етган кўплаб ҳамфикрлар ҳам топилди.
Бундай “Китоб жавонлари”дан даставвал бизнинг жойлаштирган 70-80 тадан китоб жой олади. Ҳар бир китоб ихлосманди, истаган китобини олиб кетиб ўқиши, кейин қайтариб келтириши керак бўлади. Шу билан бирга ўз имкониятига қараб, бу жавонга китоблар қўшиши ҳам мумкин. Бу жавонлардан фойдаланувчилар,  “Бир китоб олинг, бир китоб қўйинг!” шиоримизга амал қилсалар, мавжуд адабиётлар доимо ўзгариб боради, ҳар ким ўқиб бўлган китобидан бошқалар баҳра олишига, бу орқали эса зиё тарқалишига ҳисса қўшади.
Дилмурод Жумабоев
Улашиш